Қатор мамлакатларда iPhone 8 ва iPhone 8 Plus смартфонларининг сотувлари бошланди. Янги қурилманинг аввалгиларига нисбатан энг катта фарқи - унинг шиша корпусида.
Apple 2011 йилдан буён шиша корпусда айфон ишлаб чиқармаган эди. iPhone 5'нинг алюминий корпуси ўзини мустаҳкам ва узоқ муддатга чидамли эканини намойиш қилди, лекин симсиз заряд тизимига халақит берди. iPhone 8 сотувларига старт берилиши билан бутун дунё тестерлари ва видеоблогерлари янги телефонни синашга киришишди. Роликларда iPhone 8'ни баъзан Samsung Galaxy S8 ёки Note 8 билан таққослашади - уларнинг ҳам корпуси шиша бўлиши билан бирга Корея смартфонлари Apple'нинг энг асосий рақиби ҳисобланади.
Бетонга "қулаш" тестлари
JerryRigEverything видеоблоги муаллифи икки iPhone 8 қурилмасининг бетонга "қулаш" эффектини таққослаган: смартфонлардан бири ҳимоясиз, иккинчиси эса пластик кейсда. Илк икки синовда смартфонларга деярли зиён етмади, учинчи синовда ҳимоясиз iPhone 8'нинг экрани дарз кетди, тўртинчи мартасида эса, орқа қопқоқ дарз кетди. Шундай бўлса-да, смартфон ишлашда давом этди. Кейсдаги смартфон барча синовлардан муваффақиятли ўтди, ҳатто қўлларни бош узра кўтариб, пастга қараб отилганида ҳам.
PhoneBuff блогерлари Note 8 ва iPhone 8 Plus'ни дроп-тестларга мўлжалланган махсус ускуналар ёрдамида синовдан ўтказишди. Смартфонлар олд, орқа ва ён томон билан ирғитилиб, махсус ускунада синалди. Сўнгги тест нисбатан камроқ зиён даражасини кўрсатди: икки моделда ҳам смартфон бурчаклари зарбаларга чидамли бўлиб чиқди, уларга енгилгина зиён етди.
Қаттиқ тошнинг устига "қулаш" синовида икки томон натижалари ҳам ижобий эмас. Экранлар орқа қопқоққа нисбатан анча чидамли бўлиб чиқди - iPhone 8 Plus 10 марта қулаш синовига бардош бера олмади ва унинг мультитачи тўғри ишламай қолди. Note 8'нинг орқа қопқоғи нисбатан чидамли бўлиб чиқди. Бироқ икки смартфоннинг орқа қопқоғи ҳам биринчи зарбадаёқ дарз кетди.
PhoneBuff'дан яна бир видео - бу сафар блогерлар iPhone 8 ва Galaxy S8 смартфонларини таққослашди. Корея смартфони қопқоқ билан "қулаш" синовларини iPhone 8'га нисбатан "оғирроқ кечирди": S8'нинг шишаси енгил дарз кетди, iPhone'да эса - йўқ. Ролик муаллифлари учун кутилмаганда, телефонларни олд томондан "қулатиш" ҳам худди шундай натижа берди. Бироқ охир-оқибат, кетма-кет учинчи қулашда iPhone 8'нинг ўнг томон экрани дарз кетди.















