Испания чемпионатининг 6-турида «Реал» - «Алавес» ўйинида жамоанинг ёздаги харидларидан бири Дани Себальос илк марта бошланғич таркибда ҳаракат қилди. Испан футболидаги талантлардан бири илк ўйинидаёқ жамоасига ғалаба келтирган голларга муаллифлик қилди.

Себальос Мадрид клубида Тони Кроос ва Лука Модрич билан рақобатни енгиши керак. У мавсумни қандай ўтказиши келажакка савол. Қуйида унинг ўтмишини кўриб чиқамиз.

Ёшлик эликсири

Исми: Дани Себальос
Клуби: «Реал»
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Фуқаролиги: Испания
Туғилган куни: 1996 йил 7 август
Асосий оёғи: ўнг оёқ
Бўйи: 176 см

Икки йил муқаддам Испаниядаги нашрлар Дани Себальосни нафақат мамлакатнинг, балки Европа ва жаҳоннинг энг истиқболли футболчилари сафига қўша бошлади. У охирги мавсумларда ёш бўлишига қарамай «Бетис»нинг асосий етакчисига айланди. 2017 йил ёзида, 21 ёши арафасида эса Польшада бўлиб ўтган Европа чемпионатида энг яхши футболчи сифатида тан олинди.

Себальос Испания ёшлар терма жамоасида 12 учрашув ўтказиб, 10 гол урди.

Дани Себальос Севилья шаҳри яқинида туғилган, шу туфайли Андалусиянинг асосий клуби унинг иқтидорини тезда пайқаган. Дани 8 ёшида «Севилья» академиясида пайдо бўлган, аммо клубдагилар Себальосда хроник бронхит аниқлангач, ундан воз кечишди – мураббийлар, бу келгусида унинг жисмоний машқларни кўтариши ва кучли футболчи бўлишига халал беради, деб ҳисоблашди. Шу туфайли 13 ёшида Дани «Севилья»ни тарк этади ва муниципалитет жамоаси – «Утрер» сафида пайдо бўлади.