Жамият | 11:41 / 29.09.2017
34528
2 дақиқада ўқилади

МХХ сохта 17 минг доллар билан боғлиқ жиноятни фош этди 

Фото: Ўзбекистон телеканали

“Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Президенти фармонида аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, валюта сиёсатини либераллаштириш борасидаги вазифалар белгилаб берилган. Бироқ, шунга қарамай чет эл валютасини мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кириш, ўтказиш ва муомалага киритиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Миллий хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари давомида сохта валютани олиб кириш билан боғлиқ жиноят фош этилди. Наманган шаҳрида туғилган, муқаддам судланган 35 ёшли Акмал Абдулхаев республика ҳудудига Қирғизстон орқали ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 17 300 АҚШ доллари қийматидаги сохта пулларни Учқўрғон туманида яшовчи, 39 ёшли Муродулла Аҳмадалиев кўмагида Наманган шаҳар Қодирота Мирзаев кўчасида жойлашган пахта титиш цехига олиб келиб беришни сўрайди. 

Муроднинг айтишича, 19 сентябрь куни сариқ рангли пакетга ўралган бандеролни Учқўрғондан номаълум шахсдан олиб келиб беради. Орадан икки кун ўтгач, улар Наманганда учрашадилар ва Мурод 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги сохта купюраларни Чортоқ туманида яшовчи Бобур исмли шахсга сўмга алмаштириш учун олиб боради. Мақсад – сохта валютани 80 миллион 500 минг сўмга алмаштириш бўлган. Аммо, валютафурушларнинг кирдикорлари фош этилиб, улар тезкор ходимлар томонидан жиноят устида қўлга олиндилар. Қолган 7 минг 300 АҚШ доллари қийматидаги сохта купюралар эса пахта титиш цехида яшириб қўйилганлиги маълум бўлди. Уларни ҳам тез орада мижозларга тарқатиш режаси бўлган. 

Айни пайтда Акмал Абдулхаев ва Муродулла Аҳмадалиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид