Дунёнинг энг бадавлат кишилари рейтингининг юқори поғоналарини эгаллаб келувчи Билл Гейтснинг мисли кўрилмаган муваффақияти истеъдод ва саъй-ҳаракатлардан кўра бизга боғлиқ бўлмаган шарт-шароитлар қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги ҳақида "сўзлайди".

Албатта, бизга нима учундир доим ҳаётда катта муваффақиятга эришган кишилар юқори малака ёки истеъдодга эга экандек кўринади. Бироқ аслида бундай эмас, дейилади BBC'да.

Мисли кўрилмаган муваффақият, қоидага кўра, мисли кўрилмаган шарт-шароитларда юзага келади.

Аксарият муваффақиятли одамлар шунчаки керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлишган.

Кўпчилик Гейтс ва унга ўхшаганлардан муваффақият сирларини билиб олиш мумкин деб, уларни ҳурмат ва эътирофга лойиқ деб ҳисоблашади. Бироқ агар сиз улар муваффақиятга фақатгина қаттиқ меҳнат орқали эришган деб жиддий ўйласангиз, адашасиз. Ҳаттоки Гейтсга астойидил тақлид қилсангиз ҳам, унинг мартабасига эришишингиз амримаҳол.

Масалан, Гейтс ўзига тўқ оиладан чиққан. Хусусий таълим унга ўз даврида дастурлаштириш тажрибасига эга бўлиш имконини берган, зеро у вақтлар аҳолининг 0,01 фоизидагина компьютерда ишлаш имкони бўлган.

Биллнинг онаси IBM директорлар кенгаши раиси билан таниш бўлган ва бу унга ўз даврининг илғор компьютер компанияси билан шартнома тузиш имконини берган. Бу эса, ўз ўрнида, унинг шахсий империясини қуришда ҳал қилувчи роль ўйнаган.

IBM комьютерларини харид қилган мижозлар у билан бирга тақдим этилувчи Microsoft дастурий таъминотини ўрганишига тўғри келган. Бу аввалбошданоқ бозордаги вазиятни Microsoft фойдасига ҳал қилган: мижозларнинг аксарият қисми ундан кейин ҳам компаниянинг дастурий таъминотидан фойдаланишда давом этишган - бу унинг объектив жиҳатдан яхшироқ бўлгани учун эмас, қўшимча нарсани ўзлаштириш учун кўпчиликнинг вақти бўлмаганидандир.

Бугунги кунда Microsoft бозордаги улуши бўйича рақибларини бир неча баробарга ортда қолдириши мумкин, аслида эса бу тафовут аввалбошданоқ Гейтснинг омади келгани билан изоҳланади.

Алабатта, Microsoft'нинг муваффақиятида Билл Гейтснинг истеъдоди ва меҳнати ҳам муҳим аҳамиятга эга, бироқ қолган омилларсиз бунинг ўзи етарли бўлмасди - демак, қайсидир маънода шарт-шароитлар истеъдод ва меҳнатдан муҳимроқ.