Фото: Tribuna

2024 йилда Олимпиада ниҳоят яна Европага қайтади. Бу воқеа 10 йиллик танаффусдан кейин, Ўйинларнинг Бразилияга саёҳати ва Осиё қитъасидаги уч қисмли цикл: Жанубий Корея-2018, Япония-2020 ва Хитой-2022 дан кейин рўй беради.

Қайтиш эса жуда эсда қоларли бўлиши керак. Биринчидан, Олимпиада Парижга роппа-роса 100 йилдан кейин қайтмоқда (чиройли сана — Лос-Анжелесга 2028 йилгача кутиб туриш илтимос қилинишига бош сабаб бўлган). Иккинчидан, Париж учун Ўйинлар нафақат спорт, балки урбанистик лойиҳа ҳамдир — саноат қай томон ҳаракат қилаётганини аниқлаштирмоқчи бўлганлар учун уни ўрганиш жуда муҳим.

 

Тежамкорлик: янги стадионлар қуришга ҳожат йўқ

Ёзги Олимпиада доимо потенциал номзодларни ўз кўлами билан чўчитиб келган: дастурда мудом янги спорт турлари пайдо бўлади, уларнинг кўпчилиги учун алоҳида стадионлар қуриш керак, энг асосийси — янги қурилганларидан кейинчалик фойдаланиш катта муаммолар келтириб чиқаради. Энг яқин олимпиада Рио-де-Жанейро мисоли кўрсатмоқдаки, инфратузилмага миллиардлаб инвестициялар бефойда сарф-харажатга айланмоқда: янги спорт турлари учун барпо этилган ареналар нафақат фойда келтирмаяпти, балки аста-секин вайрон бўлиб, мамлакат нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқда. Париж дарҳол бундай таваккал қилмаслигини таъкидлади: объектларнинг фақат 5 фоизи нолдан барпо этилади, улар ҳам кўп функцияли ареналар бўлади ва улардан дам-бадам турнирлар учун эмас эмас, йил бўйи фойдаланилади.

Парижда жами 36 спорт объекти барпо этилади, улардан 26 таси аллақачон мавжуд (баъзилари реконструкция қилинади), 8 таси — вақтинча, 2 таси Олимпиада олдидан қурилади.

Сен-Денидаги «Стад де Франс» яқинида улкан сув спорти саройи қурилади, у ерда сузиш, сувга сакраш ва синхрон сузиш мусобақалари ўтказилади. Олимпиада вақтида сарой 15 минг кишини сиғдира олади, сўнгра у ихчамроқ спорт марказига айлантирилади — ҳам профессионаллар учун (стандарт чемпионатлар учун 2500 мухлис ўриндиғи етарди), ҳам жисмоний фаоллик етишмаётган маҳаллий аҳоли учун.

Фото: Tribuna

 

Иккинчи тўлақонли қурилиш — бу Берси-2. Берсидаги 80-йилларда қурилган ва 2015 йилда реконструкция қилинган асосий спорт-концерт майдончаси Олимпиадада баскетбол ўйинлари ва дзюдони қабул қилади. Иккинчи Берси мажмуаси кичикроқ бўлади (15 минг эмас, 8 минг кишилик) ва у ерда рейтинги пастроқ баскетбол ўйинлари ва кураш мусобақалари бўлиб ўтади.