Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Республикамизда кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти ҳамда кўмир етказиб бериш, маиший чиқиндиларни чиқариш, санитар тозалаш ишларининг бориши юзасидан айни йўналишда тузилган ишчи гуруҳ аъзоларини қабул қилди. Бу ҳақда Президентнинг Facebook’даги расмий саҳифасида маълум қилинган.

ЎзАнинг ёзишича, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда аҳолига уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, уй-жой фонди ва ижтимоий объектлардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг иш сифатини юксалтириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши кўриб чиқилди.

Президентимиз одамларнинг кундалик ҳаёти, фаровонлиги, саломатлиги ва кайфиятига бевосита дахлдор бу масалаларга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилди. Ўтган даврда вазирлик томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини эксплуатация қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат иккита махсус ишчи гуруҳ тузилди. 1-ишчи гуруҳ томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, 2-ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги ҳолат ўрганилди. 18 июлдан 30 сентябргача давом этган ўрганишларда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ҳар бир шаҳар ва туманда бажарилиши таҳлил қилинди. Асосий эътибор кўп қаватли уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, кўмир етказиб бериш, санитар тозалаш каби масалаларга қаратилди. Жойларда аҳоли, маҳалла фаоллари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг талаб ва таклифлари инобатга олинди.