Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари иштирок этди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш,иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, давлат мулки хусусийлаштирилган объектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган. Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ушбу зоналар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди. 

Бугунги кунда мамлакатимизда 14 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. «Навоий», «Ангрен», «Жиззах», «Ургут», «Ғиждувон», «Кўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарида умумий қиймати 486 миллион долларга тенг 62 лойиҳа амалга оширилган, 4,6 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. 

Йиғилишда бу кўрсаткичлар қониқарли эмаслиги, уни янада ошириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, инвестор ва тадбиркорларни жалб этишни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Президентимиз топшириғига асосан эркин иқтисодий зоналарда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, хориждан юқори технологик ускуналар харид қилиш учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи ҳисобидан 100 миллион доллар миқдорида чет эл валютасидаги кредит линияси очилган. 

Фармацевтика соҳасига ихтисослашган «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм», «Паркент-фарм» сингари 7 янги эркин иқтисодий зонани ривожлантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида бўш турган ёки самарасиз иш юритаётган ишлаб чиқариш биноларини бориб кўрди. Улардан самарали фойдаланиш, янги корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида ушбу бинолар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилди. Мамлакатимиздаги кичик саноат зоналари 96 тага етди.