Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 октябрдаги қарори билан ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати бўлинмалари томонидан фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги хизматларни шартномавий-ҳуқуқий асосда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Қайд этилишича, бозорлар, йирик савдо, кўнгилочар, дам олиш мажмуалари ва марказлари ҳамда фуқаролар гавжум бўладиган бошқа жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирлар шартномавий-ҳуқуқий асосда ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати бўлинмалари томонидан мазкур жойларда фаолият кўрсатувчи юридик шахслар билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ пуллик асосда амалга оширилади.

Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматлари кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш учун юридик шахс туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)га ариза билан мурожаат қилади. Аризада юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, фуқаролар гавжум бўладиган жойнинг номи, манзили, бино ва иншоотлар ҳамда атрофидаги ҳудуднинг схемаси илова қилинган ҳолда кўрсатилади.

Шартнома тузиш тўғрисидаги ариза туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) жамоат тартибини сақлаш бўйича (бўлинмаси, гуруҳи) томонидан ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқишда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) жамоат тартибини сақлаш бўйича (бўлинмаси, гуруҳи) юридик шахс билан биргаликда фуқаролар гавжум бўладиган жой кўздан кечирилади. Жойни кўздан кечириш натижаси бўйича далолатнома тузилиб, унда объект ҳудудининг чегараси, ППХ бўлинмаси шахсий таркибининг талаб этиладиган сони, хизмат хоналари, пост ва маршрутларнинг жойлашуви, жавобгарлик ҳудуди, ППХ бўлинмаси ходимларининг хизмат олиб бориш вақти ҳамда тартиблари белгиланади. Кўздан кечириш далолатномаси ва шартнома лойиҳаси тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига юборилади.

Юкланган вазифаларни бажариш учун ППХ бўлинмаси шахсий таркибининг сони, пост ва патруль йўналишларининг жойлашуви, шунингдек хизматни ўташ қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ёки Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Патруль- пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кўздан кечириш далолатномаси ва шартнома лойиҳасини кўриб чиқиш якунлари бўйича уларни беш иш кунидан кечиктирмаган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ёки Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбариятига тақдим этади.