Америка Қўшма Штатларида президентлик сайловлари ва Конгресс сайловлари, одатда, ноябрь ойининг биринчи душанбасидан кейинги сешанба куни ўтказилади. Қизиғи шундаки, бу кун на конститутсияда дастлаб белгиланган, на тасодифан танланган. Унинг ортида XIX аср Америкаси ҳаёти, иқтисодий шароити ва сиёсий тажрибаси билан боғлиқ муҳим сабаблар бор.
Ҳаммаси 1845 йилдан бошланган
Дастлаб АҚШ штатлари президентлик сайловларини турли кунларда ўтказган. Айрим штатларда овоз бериш сентабрда, бошқаларида эса октябр ёки ноябрда бўлиб ўтган. Бу тартиб бир қатор муаммоларни келтириб чиқарган.
Масалан, бир штатда сайлов натижалари маълум бўлгач, бошқа штатларда ҳали овоз бериш давом этарди. Сиёсий гуруҳлар бундан фойдаланиб, сайловчиларга таъсир ўтказиши, ҳатто айрим кишиларнинг турли жойларда қайта овоз беришига имкон туғилиши мумкин эди. Сайлов натижаларига ташқи таъсир ва фирибгарлик хавфи ҳам ортарди.
Шу сабабли АҚШ Конгресси барча штатлар учун ягона сайлов кунини белгилашга қарор қилди.
1845 йил 23 январда АҚШнинг 28-Конгресси махсус қонун қабул қилди. Қонунга кўра, президент ва вице-президент сайловчиларини (Electoral College вакилларини) танлаш барча штатларда ноябрь ойининг биринчи душанбасидан кейинги сешанба куни амалга оширилиши белгиланди.
Бу қонуннинг асосий мақсади сайловларни бир вақтда ўтказиш, штатлар ўртасидаги тартибсизликларнинг олдини олиш ва сайлов жараёнининг адолатли кечишига хизмат қилиш эди.
Биринчи умумий президентлик сайлови 1848 йил 7 ноябрь куни айнан шу янги тартиб асосида ўтказилди.
Нега айнан ноябрь ва нима учун сешанба?
Бу саволга жавоб бериш учун XIX аср Америкаси ҳаётини тасаввур қилиш керак. Ўша даврда аҳолининг катта қисми қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган. Кузги ҳосил йиғиб олинган, аммо қишнинг қаттиқ совуқлари ҳали бошланмаган ноябрь ойи сайлов учун қулай давр ҳисобланган. Деҳқонларнинг ишлари нисбатан камайган, сайлов участкаларига бориш имконияти эса яхшироқ бўлган.
Сешанба кунининг танланиши ҳам оддий ҳаётий эҳтиёжлар билан боғлиқ эди.
Ўша даврда автомобил ва замонавий транспорт воситалари йўқ эди. Кўпчилик сайловчилар овоз бериш учун узоқ масофаларни от ёки аравада босиб ўтган. Якшанба куни эса христиан жамиятида диний ибодат ва дам олиш куни ҳисобланган. Одамларнинг якшанба куни йўлга чиқиши маъқул кўрилмаган.











