Жаҳон | 14:02 / 17.10.2017
8961
2 дақиқада ўқилади

Ассанж Мальтада ўлдирилган журналистнинг "қотиллари" ҳақидаги маълумот учун 20 минг евро ваъда қилди

Фото: The Guardian

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж 16 октябрь куни машинаси портлаб кетган мальталик журналист Дафна Каруана Галициянинг "қотиллари" ҳақидаги маълумот учун 20 минг евро таклиф қилди. Бу ҳақида у ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди. 

"Журналист ва блогер Дафна Карауна Галициянинг кечқурун ўз уйи яқинида машинага ўрнатилган бомба натижасида портлаб кетганини билгач, ҳайрон бўлдим. Унинг қотилларини топишга ёрдам берувчи маълумот учун 20 минг евро мукофот пули бераман", - деб ёзилган Ассанжнинг постида. 

Times of Malta нашридаги манбанинг айтишича, Галициянинг Peugeot 108 автомобили кучли портлаш натижасида йўлдан ташқарига чиқиб кетган, унинг бўлаклари эса атрофга сочилиб кетган. Воқеа марҳума яшаган Бидниза шаҳри яқинида содир бўлган.

Портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Нашрда таъкидланишича, журналист ўлимидан 15 кун аввал унга қилинаётган таҳдидлардан арз қилиб, полицияга мурожаат қилган. Мальта бош вазири Жозеф Мускат воқеани "жоҳиллар ҳужуми" деб атаган. 

Маълумотларга кўра, Галиция Мальтадаги коррупцияни ўрганиш билан шуғулланган. Изланишлари якунига кўра, у "Панама ҳужжатлари"да Мальта бош вазири ҳақидаги маълумотларни чоп этган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид