Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) билан биргаликда демографик барқарорлик масалаларига бағишланган тадбир ўтказдик, деб хабар берди Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.

«Ўзбекистоннинг энг асосий капитали — унинг ёш авлоди. Ушбу салоҳият келгусида демографик дивиденд манбаига айланиши учун бугунданоқ ҳар бир инсоннинг, айниқса, аёллар ва болаларнинг саломатлиги, таълими ҳамда хавфсизлигига инвестиция киритишимиз зарур.

Бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз манзилли ва узоқ муддатли бўлишини таъминлаш мақсадида демографик прогнозлаш тизимини йўлга қўйяпмиз ҳамда «Демографик дивиденд – 2050» стратегиясини ишлаб чиқишни режалаштиряпмиз», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг таъкидлашича, мамлакат келажаги нафақат аҳоли сони, балки энг аввало улар қандай имкониятларга эга бўлиши билан белгиланади.

















