Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 9-тур учрашувлари Ўзбекистон вакиллари учун омадли кечди.
Ўзбекистон эркаклар асосий жамоаси ўтган турда Германиядан учралган мағлубиятдан кейин ўзига келди ва турнир фаворитларидан бири бўлган АҚШ устидан ғалабага эришди.
Дастлаб 4-доскада дона сурган Муҳиддин Мадаминов кучли рақиб Левон Ароян билан дуранг ўйнади (у ўтган турда ютқазиб қўйган Шамсиддин Воҳидов ўрнини эгаллаганди).
Шундан кейин Нодирбек Абдусатторов жаҳон рейтингида учинчи ўринда турувчи Фабиано Куруанани таслим бўлишга мажбур этди.
Аммо Жавоҳир Синдаров яна бир номдор шахматчи Уэсли Со билан ўйинда қийин вазиятга тушиб қолди ва якунда бу вазиятдан чиқиб кета олмади ва умумий ҳисоб тенглашди: 1,5-1,5.
Шундан кейин ўзбекистонлик шахмат ишқибозлар бор эътиборини Нодирбек Ёқуббоевнинг ўйинига қаратишди. Ўтган турда ютқазиб қўйган ушбу шахматчи эса бу сафар ишончни оқлади ва Ҳанс Ниманнга қарши кечган ўта қийин баҳсда ғалабани ўз томонига оғдира олди ва якуний ҳисоб қуйидагича кўриниш олди: 2,5-1,5.
Энди Ўзбекистон асосий жамоаси 9 турдан кейин 16 очко билан турнир жадвалида пешқадамлигини давом эттирмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон-2 жамоаси ҳам бу турни ишончли ўтказди.
Ушбу жамоа ўтган турда Англия устидан ғалаба қозониб (2,5-1,5), кучли ўнликка кириб олганди.
Тур олдидан 13 очко билан 4-ўринда турган Нидерландияга қарши кечган баҳсда ҳам ушбу жамоа яққол устунлик қилиб, ғалабага эришди.
Ўзбекистон-2 – Нидерландия 3,5:0,5
Муҳаммадзоҳид Суяров – Лоэк ван Вели 1:0
Жаҳонгир Воҳидов – Аниш Гири 1:0
Ортиқ Ниғматов – Эрвин Л'Амини 1:0
Абдумалик Абдусалимов – Жорден ван Форест 0,5:0,5


















