Кечроқ пенсияга чиққанларга кўпроқ пул бериш тизими яратилиши мумкин
Пенсияга чиқишни 6 ёки 12 ойга кечиктирган фуқароларни молиявий жиҳатдан рағбатлантириш режалаштириляпти. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Қайд этилишича, юқори даромаддан ижтимоий солиқ тўлаётган ҳамда пенсия ёшида меҳнат фаолиятини давом эттираётган фуқароларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида 2028 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи марта пенсия тайинлашда иш ҳақининг юқори чегараси:
— пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан 13 бараварига;
— 6 ой кеч пенсияга чиқилганда — пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 14 бараваригача;
— 12 ой кеч пенсияга чиқилганда — пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваригача ошириш таклиф этиляпти.
Бунинг натижасида ҳисобланадиган максимал миқдоридан кўпроқ ойлик оладиганлар 6 ой кеч пенсияга чиққанда ойига 277,2 минг сўмгача ёки 8 фоизга,12 ой кеч чиққанда эса ойига 554,4 минг сўмгача ёки 15 фоизга кўпроқ пул олиши мумкин.
Маъмурий тартибда 10 суткагача ушлаб туриш нормаси Конституцияга зид деб топилди
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 288-моддаси иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш ҳақида»ги Конституциявий суднинг қарори қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Конституциявий судга мурожаат қилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмининг Конституция 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқлигини аниқлашни сўраган эди.
Конституциявий суд қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмидаги «хуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳолларда эса – ушлаш пайтидан бошлаб йигирма тўрт соат ичида прокурорга ёзма тарзда маълум қилиб, 3 суткагача ёки ҳуқуқбузарда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, прокурорнинг санкцияси билан 10 суткагача муддатга ушлаб турилиши мумкин»лигини назарда тутувчи норма Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деб топилди.
Бу қоида асосан чегара тартибини ёки чегара ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахсларга тегишли эди. Энди «чегара ҳолати» ёки «ҳужжат йўқ» деган сабаб билан одамни судсиз суткалаб ушлаб туришга ҳуқуқий асос йўқ. Давлат органи 48 соат ичида ё суд қарори олиши ёки шахсни қўйиб юбориши керак.
Сирдарёдаги электр станциясида 1600 МВт қувват авариявий ўчди
Сирдарё вилоятидаги EDF компаниясига тегишли янги иссиқлик электр станциясида 1600 МВт қувват авариявий ўчди. Оқибатда республиканинг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча узилди. Ҳозир барча истеъмолчилар тармоққа қайта улангани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, станция янги қурилган бўлиб, айни вақтда унда синов-созлаш ишлари олиб борилмоқда. Станциядаги авариявий ўчиш натижасида аварияга қарши автоматика ишга тушган. Бунинг оқибатида асосан қишлоқ хўжалиги сув насослари ва аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминотида узилишлар кузатилган.
Электр таъминотини тиклаш учун энергия сақлаш тизимлари ҳамда электр станцияларидаги захира қувватлар ишга туширилган. Истеъмолчилар босқичма-босқич тармоққа қайта уланиб, барчасининг электр таъминоти тикланган.
Тошкент вилоятида прокурор ёрдамчиси қўлга олинди
Тошкент вилояти Оққўрғон тумани прокурори ёрдамчиси фуқародан 4700 АҚШ долларини ноқонуний олаётган вақтда ушланди. ДХХ маълумотига кўра, у машина олди-сотдиси билан боғлиқ масалани ҳал қилиш ва 600 млн сўмлик имтиёзли кредит олишга кўмаклашиш эвазига жами 12 минг доллар талаб қилган. Тадбир давомида у талаб қилинган маблағнинг 4700 долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширувда мазкур фуқародан аввал ҳам 1300 доллар олгани аниқланган. Ҳозир ҳолат юзасидан прокурор ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатиш чораси кўрилмоқда.
15 та онлайн наркодўкон фаолияти тугатилди
Жорий йилнинг 8 ойида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 12104 та жиноят ҳамда 1410 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бу ҳақда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги маълум қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, ушбу даврда 89 та йирик наркожиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Улардан 1,4 тонна анъанавий ва 61,7 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, 4,6 миллион дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилган.
Шунингдек, 15 та онлайн наркодўкон фаолияти тугатилган. Наркотиклар савдоси билан шуғулланган, жами 630 мингдан ортиқ обуначи ва аъзога эга 1911 та интернет ресурси блокланган. Уларнинг 609 таси Telegram боти, 1004 таси ёпиқ, 298 таси эса очиқ канал, гуруҳ ва чатлардан иборат.
















