Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев мамлакат президентлиги сайловларидан сўнг мухолифат партияси номзоди Ўмурбек Бабанов ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

— Биринчидан, сайлов натижаларини бекор қилишга ҳеч ким йўл қўйиб бермайди. Халқ кимни сайлаган бўлса ўша президент бўлади. Модомики, Бабанов ҳақидаги фикрларини сўраган экансиз, хафа бўлмайсизлар, у қандай бўлса шундай жавоб бераман. Чунки мен ҳақиқатни гапиришга одатланганман.

Тўғрисини айтаман, мен Бабановни Қирғизистоннинг навбатдаги президенти бўлади, деб ўйлаган эдим. Уни мен жуда азалдан — 2005 йилдан бери биламан.

Келинг, яхшиси, муносабатларимиз тарихидан ҳикоя қилиб берай. Рафиқаларимиз худди икки опа-сингилдек, доим қалин дўст-дугона бўлиб келишган. Мен 2007 йилда бош вазир бўлганимда, у менинг уйимдан чиқмасди. Мен бош вазирлик лавозимидан кетганимдан сўнг у 2010 йилгача йўқ бўлиб қолди. 2010 йилда Бабанов яна пайдо бўлди. У ўзининг чиройли кўзлари, ширин сўзлари билан инсонни мафтун эта олади.

Яширмайман, 2010 йилдан бошлаб Бабановга турли йўллар билан ёрдам бериб, муаммолардан ҳимоя қилардим. Бугун очиқ айтишим мумкин, Бабанов ҳузуримга фирмасининг Россиядаги цемент заводи олдидаги 15 миллиард сўм қарзини реструктуризация қилишда ёрдам сўраб келганида мен бу масалани Дмитрий Медведев билан гаплашиб ҳал қилдим. Бу борада керакли ҳужжатлар ҳам бор. Мен ундан «Ўмурбек Токтогулович, нега савдо маркази қурилишини тугалламаяпсан? Ахир бу ерда «Инструметальшчик» стадиони буларди, нега унда стадионни йўқ қилдинг?» деб сўраганимда, у мендан бу масалада ҳам ёрдам қилишни сўради ва у ерда ҳам унга 2 миллиард сўм олишда ёрдамлашдим.

Бабанов мана шу йилнинг ўзи ҳар икки ҳафтада бир марта уйимда меҳмон бўлар эди. Оилаларимиз Бабановнинг шаҳар яқинидаги аллақандай хўжалигида етиштирилган қулупнай, малина каби меваларни биргаликда тановвул қилишган эди. Бир ярим ойча олдин кузата бошладимки, Бабанов менинг устимдан мағзава ағдара бошлади. Мени туркчалаб доим «абей» деб чақирган Бабанов, ҳеч кимдан эшитмаганим мақтовлар билан мени мақтаб юрган Бабанов, менга «сизнинг йўлингизни фақат мен давом эттираман», деган Бабанов кутилмаганда биз нотўғри йўлдан юраётганимиз ҳақида баёнот бера бошлади.

Бундан ташқари, очиқ айтаман, олдимга хорижий олигархлардан бири Бабанов номидан келиб, Ўмурбекни қўллаб-қувватлашга рози бўлишим учун 20 миллион доллар таклиф қилди. Ўзи келиб таклиф этишга қўрққан-да. Мен унга: «Эй, азизим, дунёда сотилмайдиган нарсалар ҳам бор», дедим. Бундан ташқари, тартибсизликларга тайёргарлик кўрилаётгани ва улар қаердан туриб молиялаштирилаётгани ойдинлашгач, мен Қирғизистон халқи сингари ишонувчан инсон эканлигим туфайли доимо алданишим ҳақида ўйланиб қолдим. Худога шукрки, Бабановнинг башарасини ўз вақтида фош қилишга улгурдим.