Иқтисодиёт | 16:58 / 19.10.2017
11053
2 дақиқада ўқилади

ФВВ: 2 мингдан ортиқ «қўлбола» иситиш мосламалари сотувдан чиқарилди

Фото: ФВВ

2017 йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Анжуман Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» АК ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат ветеринария қўмитаси, «Саноатгеоконтехназорат» ДИ, Ёнғинга қарши кураш жамияти, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, йил бошидан бугунги кунга қадар ис гази билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида бозорларда, қозонхоналар, ғишт заводлари ва новвойхоналарда ҳамда бошқа корхона ташкилотларда рейдлар ўтказилиб, текширувлар натижаларига кўра 2115 та ностандарт ва «қўлбола» иситиш мосламалари сотувдан чиқарилган, 1378 та объект фаолияти батамом тўхтатилган, шунингдек жойларда 16 мингдан ортиқ давра суҳбатлари ўтказилди.

Бундан ташқари, ўқув муассасаларида, ташкилот ва корхоналарда ўтказилган суҳбатлар ва семинарлар, шунингдек, маҳаллалардаги иш билан банд бўлмаган фуқаролар билан уйма-уй юриб, тарғибот ишлари олиб борилганлиги ва 300 мингдан ортиқ эслатма, буклетлар тарқатилган.

Мавзуга оид