Гиподинамия — камҳаракат ҳаёт тарзи натижасида юзага келувчи организмнинг мушаклар фаолиятидаги заифлашув бўлиб, у касаллик ҳисобланмайди. Шундай бўлса-да, у миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. "Ортодокс" тиббий порталида ёзилишича, гиподинамия ўлим сабаблари бўйича ҳатто чекишни ҳам ортда қолдирар экан: 5,3 миллион киши - гиподинамиядан, 5 миллион киши чекишдан. Бу бор-йўғи бир йиллик маълумот.

БМТ Янгиликлар маркази маълумотларига кўра, катта ёшли аҳолининг учдан икки қисми жисмоний фаоллик етишмовчилигидан азият чекар экан. Шуни унутмаслик керакки, бундай ҳаёт тарзига амал қилувчи одамларда жиддий касалликлар ривожлана бошлайди. Қуйида уларнинг энг кенг тарқалганлари ҳақида маълумот берилади.

Варикоз

Вена томирларининг варикоз кенгайиши жаҳонда энг кенг тарқалган касалликлар орасида иккинчи ўринда туради. Ундан олдин фақат - кариес. 30 ёшдан ошган деярли ҳар бир кишида у ёки бу кўринишдаги варикозни аниқлаш мумкин, фақат ривожланиш босиқичида фарқ бўлади.

Энг оғир босқичлари (6та) гормонал фон ва туғуруқ сабаб аёлларда ва камҳаракат ҳаёт тарзини олиб борувчи кишиларда учрайди.

Инсон узоқ вақт давомида ҳаракатсиз қолса, оёқларнинг болдир ва товон мушаклари керагича ишламайди ва натижада томирлар тонусининг заифлашуви ва қон юриши сусайиши  бошланади. Илгари шу касалликдан "тик туриб ишлайдиган" касб эгалари (жарроҳлар, сартарошлар, ўқитувчилар) азият чекишган бўлса, компьютерлар пайдо бўлиши билан гиподинамия глобал муаммога айланди. Ҳатто "компьютер варикози" атамаси ҳам пайдо бўлди.

Қандай даволаш мумкин? Энг яхши усули доимий ҳаракат, шунингдек сузиш - у қон томирлари тонусини кўтаради, оёқларда қон айланишини яхшилайди. Вена томирлари кенгайганда склерозлаш ва лазер коагуляцияси белгиланади. Бундай муолажалар веналарнинг муаммоли жойларини тузатади ёки умуман олиб ташлайди.

Простатит

Варикоз энг аввало аёллар касаллиги ҳисобланса, простатит (у билан бирга аденома ҳам) - фақат эркакларга хос бўлган муаммо. Таъкидлаш жоизки, простатит йил сайин "ёшармоқда". Бугунги кунда ҳатто 35 ёш ва ундан-да ёш  эркаклар ҳам простатадан шикоят қилиб шифокорга мурожаат қилишмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, бугунги кунда ҳатто 25 ёшли эркаклар ҳам шу касалликка йўлиқмоқда. Кучли жинс вакилларининг ёши қанча катта бўлса, у билан касалланиш хавфи шунча юқори бўлади.