Ўтириб ишловчи кишилар ўз кунини тўғри ташкиллаштирмаса, бутун умрга сурункали касалликларни орттириб олишади. Офис ишчисига таҳдид солувчи хавф – организмнинг бутун тизимини ишдан чиқарувчи гиподинамия. 8-10 соатлаб компьютер қаршисида ўтириб, кам ҳаракат қилганимиз боис энергия нотўғри тақсимланади ва ортиқча вазн шаклида тўпланади. Озиш учун офис бадантарбияси ушбу муаммони бартараф этишга йўналтирилган.
Гиподинамия – мушак фаолиятининг етишмовчилиги – цивилизациянинг жисмоний меҳнатдан воз кечиши учун “мукофот”идир. Камҳаракатлик кўплаб жиддий касалликларни келтириб чиқаради – бу энг аввало, таянч-ҳаракат аппарати касалликлари, юрак-қон томир касалликлари, кичик тос органлари ва, албатта, семизлик.
Бош мия нейронлари учун глюкоза зарур, шунинг учун ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар ширинликларни яхши кўришади. Афсуски, организм углеводларнинг ортиқчасини заҳирага йиғиб қўяди, бу ерда эса ҳали тушлик бор...
Ўтроқ иш билан боғлиқ сурункали касалликлар профилактикаси ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини яхшилаш учун қачонлардир иш вақтида бадантарбия билан шуғулланиш амалиёти ўтказилган. Бугунга келиб Ғарб ва Япониянинг йирик компаниялари шундай йўл тутмоқда. Ғарбда соғлом ходимнинг ставкаси нимжон ҳамкасбиникидан юқори. Компаниялар шу тариқа касаллик варақаси ва тиббий суғуртадан тежайди. Баъзи халқаро корпорацияларда бу пункт регламентда аниқ ёзиб қўйилган: масалан, тамаки чекмайдиган ходим 5 фоизли устама ҳақ олади.
Озиш учун офис бадантарбияси сизни жуда яхши тетиклаштиради: уйғонишга ва қонни ҳаракатга келтиришга ёрдам беради. Кейин эса ишдаги вазифаларингизга қайтишингиз мумкин. Ишни бажаришга улгурмасликдан қўрқманг – бадантарбиядан кейин мия янги қон билан таъминланади ва сиз тезроқ фикрлай бошлайсиз. “Здоровье с Еленой Малышевой”да озиш учун офис бадантарбиясини қандай қилиб тўғри ташкиллаштириш мумкинлигига оид маълумотлар тақдим этилди.
- Танаффусларни бадантарбия дақиқаларига айлантиринг. Бадантарбия – чекишни ташлаш учун ажойиб сабаб. Чекишга кетган вақтингизни ўз соғлиғингизни мустаҳкамлашга сарфланг! Ҳар икки соатда бадантарбия машқларини бажаринг ва компьютер қаршисидаги ҳар 45 дақиқалик ишдан сўнг кичик танаффус қилишни унутманг.
- Ҳамкасблар билан бирга бадантарбия қилинг. Уларни ишлаб чиқариш самарадорлигини оширувчи бадантарбия қилиш зарурлигига ишонтиринг. Жисмоний машқларни бирга бижариш жамоадаги ўзаро муносабатларни ҳам мустаҳкамлаб, машғулотларнинг доимийлигини назорат қилишга ёрдам беради.










