«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак».

Мамлакатимизда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида, тўлиқ ҳамда беғараз ўрганиш ва улар юзасидан қонуний чоралар кўришда ана шу тамойил устувор аҳамият касб этмоқда. Халқ билан очиқ ҳамда самарали мулоқот олиб бориш, жойларда аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал қилиш улар фаолияти мезонига айланаётгани бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳасида сезиларли ўзгаришларга туртки беряпти.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларининг ­фуқаролар мурожаатлари билан ишлашини йилнинг ҳар чорагида мониторинг этиб бориш доирасида ўтказилган навбатдаги тадқиқот буни яна бир карра исботлади. Бу гал марказ мутахассислари ҳудудлардаги 2 мингта хонадонга ташриф буюриб, аҳоли кенг қатлами вакилларининг айни йўналишдаги фикр-мулоҳазаларини, муносабатини яқиндан ўрганди.

Юртимизнинг барча ҳудудида турли ёшдаги ҳамда турли миллатга мансуб фуқаролар шуни таъкидладиларки, давлатимиз ­раҳбари томонидан асос солинган ­фуқаролар билан мулоқот қилишнинг янги тизими, «Халқ қабулхоналари», «Виртуал қабулхона» инс­титутлари инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш, жамиятда қонун ­устуворлигини таъминлаш, одамларнинг ижтимоий адолатга ишончини оширишда муҳим ўрин ­тутмоқда.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларига ўз ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини талаб қилиб мурожаат этишда шаҳарликлар қишлоқ аҳолисига қараганда фаолдир. Қизиғи, аёлларимиз мурожаат қилиш билан боғлиқ конс­титуциявий ҳуқуқидан эркакларга нисбатан кенг фойдаланмоқдалар. Сўнгги пайтларда пенсионерларнинг, давлат ва нодавлат муассасалари, ташкилотлар ходимлари, тадбиркорлар мурожаатлари сонида ҳам ўсиш кузатиляпти. Ҳудудий кесимда Сирдарё (44 фоиз), Андижон (35,6 фоиз), Фарғона (33,8 фоиз), Навоий (32,2 фоиз) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси бу ­борада етакчилик қилмоқда.

Фуқароларни қандай масалалар ўйлантиряпти?

Ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг қарийб ярми ўз ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида турли даражадаги ҳокимликларга муро­жаат қилган. Ҳар учинчи респондент ­тегишли масала бўйича маҳалла фуқаролар йиғини ёки туман (шаҳар)даги Халқ қабулхоналаридан ёрдам сўраган. Фуқароларнинг 8,2 фоизи суд, ҳуқуқни муҳофаза этиш ҳамда назорат органларига мурожаат йўллаган.

Таҳлилларга кўра, 21 — 39 ёшдаги кишилар кўпинча ўзларини ташвишлантираётган муаммога чора топиш учун маҳалла фуқаролар йиғини мададига умид қилган бўлса, ўрта ва кекса ёшдаги респондентлар ҳар қандай масалада тўғридан-тўғри маҳаллий ҳокимликларга учраган.