Ўзбекистонда ижтимоий давлатчилик тафаккури тарихан кучли бўлган. Айниқса, жамият ичида, халқ орасида инсонларнинг ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш тафаккури ҳар доим олий қадрият бўлган. Меҳр-шафқат, саховат, закот, садақа, эҳсон, ҳашар, савоб каби тушунчалар, қадриятлар ва институтлар аждодларимизнинг онгида доимо марказий ўрин эгаллаган.

Қолаверса, биз собиқ СССР даврида янада кучли «ижтимоий давлат» даврини яшадик. Собиқ иттифоқ даврида ҳукумат инсонлар ўртасидаги ижтимоий тафовутни қисқартириш учун тоталитар мафкура ва репрессив машинани йўлга қўйган эди. Натижада бу тизимнинг ўзи ҳаётий эмаслиги маълум бўлди ва қулади. Чунки хусусий сектор йўқ қилинди. Хусусий сектор билан биргаликда инсонларни ҳаракатга келтирувчи куч, энергия – шахсий манфаатдорлик, ташаббускорлик каби стимуллар йўқолган эди.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, ҳуқуқий-демократик давлатчилик йўлини танлади. Иқтисод бозор тамойиллари асосида, ўтган 31 йил ичида мураккаб даврни бошдан ўтказиб, бугун анча равон ўзанга тушиб олди. Бугун Ўзбекистон ичида хусусий сектор, ишлаб чиқарувчи кучлар жўшқин ривожланиб бормоқда.

Лекин капитализмнинг маълум нуқсонлари ҳам бўлади. Жумладан, ижтимоий ҳимояга етарли эътибор берилмаса, жамиятда ижтимоий тафовутлар шаклланиб, қалинлашиб, қутблашиб боради. Натижада, ўн йилликлар ўтиб, жамиятда ўта бойлар ва ўта камбағаллар синфи қутблашиб кетади. Бундай давлатларда умуммиллий фаровонлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик, демократия ва ҳуқуқий давлатчилик қалтис бўлади.

Дунёдаги энг фаровон давлатлар – ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлатлар ҳисобланади. Агар АҚШ ва Германияни қиёсий таҳлил қилсак, АҚШда ижтимоий ҳимоя Германияга қараганда анча паст. Ғарбий Европа давлатларида эркинликни имкон қадар тенглик билан пайвандлашга ҳаракат қилишади. Бу нима дегани?

Мисол учун, собиқ СССР, Шимолий Корея ёки Хитой каби давлатлар учун энг муҳим қадрият – тенглик эди. Бу тенгликка эришиш учун ушбу давлатлар тўлиқ эркинликдан воз кечди. Натижада, тенгликни куч билан, репрессия билан асослашдан бошқа йўл қолмаганди. Германия, Франция, Скандинавия давлатлари ва бошқаларда эркинликлар максимум таъминланади.

Натижада, инсонлар ўртасида ижтимоий тафовут, фарқ бўртиб кўринади. Давлат эса йиғилган солиқлар ва бошқа воситалар орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга қўшимча шароитлар, имкониятлар яратади. Оддий қилиб айтганда, либерал-ҳуқуқий давлатларда ижтимоий тенглик учун бойларга қарши уруш очилмайди, аксинча, камбағаллар ва ёрдамга муҳтожлар учун қўшимча дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилади.

Фараз қилинг, бир оила жуда камбағал. Бу оила фарзандларини яхши ўқитиш, яхши овқатлантириш учун етарли имкониятларга эга эмас. Агар давлат мана шундай боқувчисини йўқотган ёки кўп фарзандли оилаларга ёрдам бермаса, йиллар ўтиб, жамиятда катта миқдордаги камбағаллар синфи шаклланади.