Германия иқтисодиёт ва энергетика вазири Катерина Райхе мамлакатда келаётган қиш мавсумида газ таъминоти кафолатланганини маълум қилди.

Унинг айтишича, айни пайтда Германиядаги ерости газ омборлари 54 фоиздан сал кўпроққа тўлдирилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан сезиларли даражада паст.

Шунга қарамай, вазир мамлакатнинг газ таъминоти турли манбалар ҳисобига диверсификация қилинганига эътибор қаратди. Хусусан, Германия истеъмол қилаётган газнинг 38 фоизини Нидерландия ва Белгиядан, 36 фоизини Норвегиядан олади. Яна 18 фоизи суюлтирилган табиий газ — LNG ҳиссасига тўғри келади.

Райхенинг таъкидлашича, ҳукумат эҳтимолий фавқулодда вазиятларга ҳам тайёргарлик кўрган ва зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

У газ таъминоти хавфсизлигини таъминлаш доимий жараён эканини, бу борада ҳукумат бозорнинг барча иштирокчилари билан биргаликда иш олиб бораётганини билдирди.

Газ омборларидаги захиралар 15 йиллик энг паст даражада

Шу билан бирга, Германия ерости газ ва водород омборлари операторлари уюшмаси — INES қишда табиий газ таъминотида узилишлар юзага келиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди.

Уюшма маълумотига кўра, сентябрь ойи бошида мамлакат газ омборлари тахминан 53 фоизга тўлдирилган. Бу тегишли статистика юритила бошланганидан буён, яъни сўнгги 15 йилдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Таққослаш учун, ўтган йили газ омборларида 53 фоизлик даража июнь ойи охиридаёқ қайд этилган. Сентябрь бошига келиб эса омборлар тахминан 71 фоизга тўлдирилган эди.

INES ҳисоб-китобларига кўра, техник жиҳатдан 1 ноябрга қадар омборларнинг тўлдирилиш даражасини тахминан 77 фоизга етказиш имконияти бор. Бироқ бунинг учун газ закачка қилиш суръатларини кескин ошириш талаб этилади.

Хусусан, қолган икки ой давомида омборларга аввалги уч ойда жами закачка қилинганидан ҳам кўпроқ газ жойлаштирилиши керак.

Мутахассислар фикрича, омборлар 77 фоизга тўлдирилса, одатий ҳарорат кузатиладиган қиш мавсумини ўтказиш учун захира етарли бўлиши мумкин.

Бироқ 2010 йилдагидек ўта совуқ қиш такрорланса, бу миқдор етарли бўлмаслиги мумкин. INES прогнозларига кўра, бундай сценарийда Германия газ омборлари феврал ойи бошидаёқ бутунлай бўшаб қолиши эҳтимоли бор.