"ХХI асрга келиб ҳам ноқонуний меҳнат бозорлари тугатилмаган. Бу бозорларнинг пайдо бўлиши узоқ тарихга бориб тақалади ва мақсади - ишчи кучини арзон ёки текинга эксплуатация қилиш. Ноқонуний меҳнат бозорларини географик жиҳатдан икки турга бўлиш мумкин: ташқи ва маҳаллий меҳнат бозорлари", деб ёзади Мирзо Субҳонов ўзининг блог-сайтида.

Ташқи бозорларга мигрантларимиз ишлашга бораётган Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Қозоғистон ва бошқа давлатлардаги ноқонуний меҳнат бозорлари мисол бўла олади. Бу ноқонуний бозорларнинг фаолият олиб бориши, давлатларнинг ташқи арзон ишчи кучига эҳтиёжманд эканлиги ва кўп ҳолларда маҳаллий аҳолининг паст иш ҳақи эвазига ишлашдан бош тортаётганлигидир.

Маҳаллий ноқонуний меҳнат бозорларига - бизга таниш, аммо биз бефарқ бўлган ўша «мардикор бозорлар» киради.

Мардикор бозорлардаги ёлланма ишчилар – мардикорлар, ижтимоий ҳимояланмаган ва оғир иш шароитларида ишлашга мажбур. Уларга қонун билан кафолатланган меҳнат шароитлари яратилмаган.

Маҳаллий мардикор бозорларни тугатишга нима халақит бермоқда?

Бозордаги ёлланма ишчилар асосан қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият олиб боради ва бу иш фаолияти асосан вақтинчалик бандлик билан боғлиқ. Ишчиларни ноқонуний ёллаётган айбдор шахслар жавобгарликка тортилмаётганлиги сабабли бу бозорлар тугатилиш ўрнига янада ривожланмоқда. Ишчиларда эса танлаш имконияти афсуски мавжуд эмас.

Мардикор бозорларни тугатиш мумкинми?

Бозор иқтисодиёти шароитида ноқонуний меҳнат бозорлари фаолиятини тугатиш бўйича «аутсорсинг» (инг. out sourcing – «ташқи ресурс») тушунчаси киритилган.

Аутсорсинг – ташки меҳнат ресурсларидан вақтинчалик фойдаланиш.

Аутсорсинг хизматини махсус тузилган ширкатлар амалга оширади. Ишчилар ўз навбатида бу корхонада вақтинчалик эмас балки доимий ишга олинади. Ширкатлар шартнома асосида бошқа субьектларига вақтинчалик ёки доимий хизмат кўрсатади.

Масалан:

Фермер хўжалигига беш кунга чопиқ учун 50 та ишчи кучи керак. Беш кун учун фермер доимий равишда 50 кишини ишга ололмайди, вақтинчалик ишга шартнома орқали қонуний ишчи олиш эса вақт ва бошқа қўшимча ресурсларни талаб қилади. Шунинг учун фермер ноқонуний равишда вақтинча 50 одам ёллашга мажбур.

Аутсорсинг шароитида бу 50 кишини махсус ширкат фермерга етказиб беради ва беш кундан сўнг бу ишчилар бошқа ишга йўналтирилади. Аутсорсингнинг афзаллиги ишчилар мустақил иш изламайди ва бўш турмайди.