Мардикорлик ҳар кимнинг қўлидан келмайди. Бу ишни ўз номи билан мардларга чиқарган. Афсуски, бугун кўпчилик мардикорлик билан шуғулланишга мажбур. Жамиятимизда инсон ва унинг меҳнати керагича қадрланмагани сабаб мардикорлик қилаётган одамлар аксар ҳолларда камситилади. Етмаганига бу касб эгаларининг бири икки бўлиши ҳам қийин. Бугун мардикорлик билан шуғулланаётган эр-хотиннинг ҳикоясига қулоқ тутдик. Оиланинг тақдири ҳам ибрат, ҳам жамият муаммоларига кўзгу...

Оила бошлиғи Маҳмуд Раҳимов бошдан ўтказганларини гапириб берди.

«Эрталаб соат 05:00 да туриб, печка ёқаман-да, ишга чиқиб кетаман. Кўпинча нонушта ҳам қилмай, Қўйлиққа – ишчилар биржасига бораман. Эртароқ борсам, одам камроқ бўлиб, иш чиқиши ҳам осонроқ бўлади. Баъзи ҳолларда иш бўлмагач, соат 15:00 – 16:00 гача ҳам кутиб ўтиравераман. Кун бўйи ўтирсам ҳам, иш бўлмаган пайтлари уйга қайтиб келаман. Аёлим ишдан келмаган бўлса, болаларга овқат тайёрлайман. Болаларим мана шу битта хонада қамалиб ўтиришади. Эрталаб эр-хотин бирга кетганимизда уларнинг устидан қулфлаб кетамиз, чунки ташқарида уй эгасининг қўйлари бор. Бундан ташқари, аэропорт, темир йўл, канал яқин, қўрқамиз.

Баъзан 10 кун кетма-кет иш бўлиши мумкин, 10–15 кунлаб ишсиз қолиб кетган кунларимиз ҳам бўлган. Карантин вақтида деярли иш бўлмади. Мардикорлик ҳам осон эмас, уруш-жанжал қилиб, тортишиб иш оласиз. Қўйлиқда тушдан кейин салкам 2000 нафар ишчи йиғилган бўлади. Доимий ишим бўлса, ҳафтада 300–500 минг сўм ишлаб топаман. Вақти келганда, нонга ҳам пул тополмай қоламиз. Қўйлиқда таниш сотувчи бор, ундан доим нон сотиб олганим учун қарзга ҳам бериб туради. Кеча ҳам битта нонни қарзга олиб келдим. Топган пулни илгаридагидек орттиролмайсиз, зўрға учма-уч етади. Бошқа [мардикор] йигитлар билан гаплашганда ҳам шу гапни айтишади: бир кунлик топган пулини ижарасига тўлайди, озиқ-овқатига сарфлайди ва шу билан тугайди. Эртаси куни яна ишга чиқиб кетаверади.

Менинг мақсадим – болаларим ўз уйимизда яшаши. Чунки эртага кимдир уларни уйи йўқлиги учун ажратиб қўйишини хоҳламайман. Бундан буёғига паспортимни пропискага қўйиш, болалар келажаги учун 1-2 сотих ер олиб, уй-жой қуриб бериш учун ишлайман. Улар ҳам ўқисин, мен кўрган қийинчиликни кўрмасин, дейман. Катта қизим шифокор, ўғлим милиционер бўлишни хоҳлайди».

Оила бекаси, Асал Умирова ҳам мардикорлик машаққати ҳақида сўзлади: