23 октябрь куни Москвадаги Дубровка театр маркази террорчилар томонидан эгаллаб олинган санага 15 йил тўлди. Ўша фожиали ҳодиса натижасида 125 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлганди. Ўшанда чеченистонлик Мовсар Бараев гуруҳи «Московский подшипник» акциядорлик жамиятига тегишли Маданият уйини эгаллаб олган, бу пайтда у ерда «Норд-Ост» мюзикли қўйилаётган бўлган. Ҳужумда 40 жангари иштирок этган, улар орасида ҳам эркаклар, ҳам аёллар бор эди. Эгаллаб олиш чоғида бинода 900 дан кўпроқ инсон: артистлар, театр марказига хизмат кўрсатувчи ходимлар ва томошабинлар бўлган. Террорчилар ўз акциялари ёрдамида Россия армияси Чеченистон ҳудудидан олиб чиқилишига эришмоқчи бўлганлар.

26 октябрь куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмалари бинога ҳужум бошлашди, шу билан бирга, вентиляция шахталари орқали ухлатувчи газ юборилади. Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари деярли барча жангариларни, жумладан Бараевнинг ўзини йўқ қилишган, бироқ газ таъсири туфайли гаровда бўлганларнинг кўпчилиги – камида 130 киши («Норд-Ост» хайрия ташкилоти аъзоларининг фикрича, аслида 174 киши ҳаётдан кўз юмган) шифохонада вафот этган.

Метронинг «Дубровка» бекати ёнидаги ҳодисалардан сўнг қатор йирик суд жараёнлари бўлиб ўтди. 2003 йилда Москва шаҳар суди Заурбек Талхиговни терроризмга кўмак кўрсатиш ва Дубровкадаги Маданият уйида одамларни гаровга олиш бўйича айбдор деб топиб, уни 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. 2004 йилда эса Москванинг Лефортово суди «Нижегородский» Ички ишлар бўлими милиция майори Игорь Алямкинни етти йиллик қамоққа ҳукм қилди, у чеченистонлик террорчи аёл, театр марказининг эгаллаб олинишида қатнашган Луиза Бакуевани пойтахтда рўйхатдан ўтказган. 2014 йили эса Қримда терактга алоқадорликда гумонланган 41 ёшли Ҳасан Закаев қўлга олинди. Москва округ ҳарбий суди уни террорчиларга қурол-яроғ ва портловчи модда етказиб беришни ташкиллаштиришда айбдор деб топди, Закаев 19 йиллик қаттиқ режимдаги колонияга маҳкум этилди.

Ўша фожиали кунлар ҳодисалари қуйидаги фотожамланмада тақдим этилади.

Фото: Антон Денисов/ТАСС

Дубровкадаги Театр маркази ёнида, 2002 йил 26 октябрь

Фото: Кижель Константин/ТАСС

Дубровкадаги Театр маркази биноси ёнида