Спорт | 12:32 / 30.10.2017
18440
6 дақиқада ўқилади

Минус 8. Мадридга «қиш келди»

«Реал» чемпионатда иккинчи марта мағлуб бўлиб, турнир жадвали пешқадами «Барселона»дан 8 очкога ортда қола бошлади.

Мадрид Каталонияда ютқазди

Мадридликлар Каталонияда, мавсум дебютанти «Жирона»га қарши принципиал баҳсда мағлуб бўлди.

Ўйин Каталониядаги воқеалар туфайли қолдирилиши ҳам мумкин эди. «Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан Испания кубогида «Фуэнлабрада»га қарши ўйиндан кейин ўйин қолдирилиши ҳақида ўйламаётганини айтди. Начо қўшимча қилди: «Биз ўйин қолдирилиши мумкинлиги ҳақида эшитдик. Аммо биз ўйнамоқчимиз, ҳеч қандай муаммо йўқ».

Икки жамоа ўртасидаги ўйин Каталониядаги сиёсий инқироз фонида янада катта аҳамият касб эта бошлади. Шу кунларда Каталония мустақиллик эълон қилган, Мадрид эса ҳудуд раҳбариятини ишдан бўшатган. Сабаделядагилар испан паспортларини ёқа бошлашди, энг радикал каталонлар яшовчи Жиронада эса Испания байроқлари ҳукумат биноларидан туширилди. 

Шу туфайли «Реал» бу ўйинга Испаниянинг бош рамзи сифатида келди, «Жирона» эса каталонлар умиди эди. 

«Қироллик» хавфсизлиги»

Пойтахтликлар хавфсизлик чораларини кўришди, «Реал» Каталонияда Испания байроғи туширилган автобусда ҳаракатланмасликка рози бўлди, жамоага мезбонларнинг автобуси тақдим этилди. Мадрид бу орқали оғир сиёсий вазиятда каталонияликларнинг ғазабини келтиришдан тийилди. Бунга изоҳ сифатида «Реал» автобуси Лондонга юборилганини, жамоа кейинги ҳафтада Лондонда ЕЧЛ доирасида «Тоттенҳэм»га қарши ўйнашини айтишди. Аммо асл сабаб нимадалигини барча биларди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечани «Реал» Испанияда энг қаттиқ қўриқланган меҳмонхонада ўтказди. Бу меҳмонхона шу куни ҳақиқий «қироллик бункери»га айланди. Айтишларича, мадридликлар аввалига Жиронада икки кун бўлиш ғоясидан воз кечиб, ўйин якунланиши биланоқ шаҳарни тарк этишни режалаштиришган. Аммо биринчи режа ўзгартирилмади, футболчиларнинг яхшилаб дам олиши биринчи ўринга чиқарилди.

«Реал»нинг омади

Аслида ваҳима қилиб юборишди. Ҳа, Жиронада «Реал» жиддий муаммоларга дуч келди, аммо барчаси майдонда ва фақат футбол билан боғлиқ муаммолар, асло сиёсатга алоқадор эмас. Ўйин бошланган вақтда, маҳаллий вақт билан соат 16:15да майдоннинг ярми ёруғ, ярмига соя туша бошлаганди. Биринчи бўлимда меҳмонлар қуёшга қарши ўйнашди, лекин айнан биринчи бўлимда жамоа яхши ўйнади, 1:0 ҳисобидаги устунлик билан танаффусга йўл олинди. Аввалига мезбонлар ҳужуми вақтида тўп тўсинга тегиб қайтди, мадридликлар тезкор қарши ҳужумга ўтди, дарвозабон Криштиану Роналдунинг зарбасини қайтарди, қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Иско эса дарвозани ишғол қилди.

Қайд этиш керакки, бу мавсумда Мадрид жамоасига дарвоза тўсинлари кўп бора ёрдам бермоқда. 9 марта жамоа рақиблари «Реал» дарвоза тўсини туфайли гол ура олмаган. «Жирона» футболчилари ҳам икки марта «Реал» дарвозаси тўсинини пойлашди. 

Майдон эгалари иккинчи бўлим бошида кенг кўламли ҳужумга ўтишди ва 4 дақиқадаёқ ҳисоб тенглаштирилди. Стуани Рамос ва Начони масхара қилиб алдаб ўтди ва дарвозанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди.

Кейин эса Порту Маффеонинг пасини голга айлантирди.

Мадрид - минус 8

Зидан ютқазишни истамаганди. У 3 ҳимоячили схемага ўтди, қанотлардан Марсело ва Ашраф Ҳакимини олиб, Васкес ва Асенсиони майдонга ташлади. Аммо ўйиннинг қолган дақиқаларида «Жирона» деворга айланди ва мавсумдаги иккинчи ғалабасига эришиш учун уни ҳимоя қилди. Яқиндагина мустақиллик эълон қилган Каталония Республикаси ўзининг илк катта муваффақиятини нишонлади.

«Реал» 1990 йилдан буён илк марта дебютантга қарши учрашувни бой берди. Роналду ва Бензема яна голсиз майдонни тарк этди.

Бир кун илгари Бильбаода ўз ўйинида ғалаба қозонган «Барселона» турнир жадвалида «қаймоқранглилар»дан 8 очко олдинга ўтиб кетди. Ҳали қишгача узоқ, аммо Мадридга октябрдаёқ қиш келди, дераза ортида - 8 даража.

Зинедин Зидан ўйиндан аввал ваҳима қилмаётганди, аммо энди хавотирга тушмоқда: «Бизда яхши ва ёмон кунлар бўлади. Рақибларимизда ҳам. Бизнинг ўйинимизда интенсивлик етишмади дейиш тўғри эмас. Биз ҳаракат қилдик, аммо шунда ҳам ютқазганимиз ташвишли. Концентрация етишмади».

Криштиану Роналдунинг Испания чемпионатидаги статистикаси: 6 ўйинда 1 гол. 

Каталония Республикаси президенти (Жиронанинг собиқ мэри ва шу шаҳар жамоаси мухлиси) Карлес Пучдемон бу ўйиндан кейин Мадрид томон хитоб қилди: «Жирона» жаҳоннинг энг яхши жамоаларидан бири устидан ғалаба қозониб, барча учун ибрат бўла олди. Бу ғалаба кўп нарсани англатади».

Эслатиб ўтамиз, Каталониядаги мустақиллик референдумидан кейин сайловчиларнинг аксар қисми Испаниядан ажралиб чиқиш тарафдори экани маълум бўлди. Шунга асосланиб, 27 октябрь куни Пучдемон мустақиллик эълон қилди. Аммо Мадрид  Каталонияни мухториятдан маҳрум қилди ва бу ўлкани тўғридан-тўғри бошқаришини эълон қилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид