Эгри йўлда ушалган «орзулар»
Яхши орзулар инсонни ҳамиша комилликка етаклайди. Орамизда баъзи кимсалар борки, ўз орзуларига нопок йўллар билан эришишга ҳаракат қиладилар. Шерзод Шокиров билан Стефан Пак (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам орзуларига меҳнатсиз ва машаққатсиз етишга ҳаракат қилиб, жиноят кўчасига кирдилар. Фирибгарликни ўзларига касб қилган бу кимсалар 2015 йил 21 октябрдан 2016 йил январь ойига қадар фуқаролар Достон Рустамов, Назар Хусанов, Анвар Полвонов, Яшар Ҳамроевларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, пулларини қўлга киритдилар, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
Жумладан, Шерзод билан Стефан ўзларини ишбилармон кишилардек кўрсатиб, чет элда ишлашни мақсад қилган фуқароларга Жанубий Кореяда даромадли иш борлигини айтишади. Шерзод шериги Стефанни Жанубий Корея Республикасида жойлашган “Поско” компаниясининг ходими, деб таништиради. Уларнинг тузоғига тушган Д.Рустамовни Инчхон шаҳридаги тўқимачилик фабрикасида иш борлигига ва у ерда 1500 АҚШ доллари миқдорида маош олишига ишонтиради. Бу шахслар Д.Рустамовдан жўнатиш харажатларига, деб 2 минг 900 АҚШ доллари олишади. Бироқ ваъда амалга ошмай қолаверди.
Орадан кўп ўтмай, фирибгарлар худди шу йўл билан Назар Хусановнинг ишончига киришди. Уни ҳам Кореяда яхши маош тўлайдиган иш борлигига қизиқтириб, дастлабки харажатларга, дея Назардан 4 минг 550 АҚШ доллари олишди. Пуллар қўлга киритилгач эса лафзларини унутдилар.
Ёлғон ваъдаларга ишонган Анвар Полвонов ҳам ушбу кимсаларнинг “қармоғи”га осонгина илинди. “Моҳир” фирибгарлар унга Жанубий Корея Республикасининг Гуанчжу шаҳридаги кема ишлаб чиқарадиган заводда иш борлигини айтишди. “Хизмат ҳақи”га эса Анвардан 5 минг АҚШ доллари олишди. Мўмай пулни қўлга киритган фирибгарлар маблағни ўз манфаатлари йўлида сарфлаб, ваъдаларини унутдилар.
“Мижоз”ларининг сони ортиб бораётганидан хурсанд лўттибозлар одамларнинг ишончига киришнинг янги усулларини ўйлаб топишарди. Масалан, турли ҳужжатларни корейс тилида тўлдиришар, телефонда ҳам гўё ўша давлатдаги шериклари билан гаплашгандек бўлишарди.
Фуқаро Яшар Ҳамроев ҳам уларнинг “тузоғи”га илинганлардан бўлди. Унга ҳам Кореяга ишга жўнатишни ваъда беришди. Ёлғон ваъдаларга ишонган Я.Ҳамроев фирибгарларга ўз қўли билан 1600 АҚШ долларини бериб юборди.
Ёлғонларга учиб, топган-тутганини фирибгарларнинг қўлига топширган жабрланувчилар охир-оқибат алданганликларини билиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишди. Фирибгарларнинг қилмишлари фош этилди. Мазкур жиноий иш юзасидан жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида ҳукм ўқилди. Шерзод Шокиров ҳамда Стефан Пак Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан айбдор, деб топилиб, уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Мавзуга оид
07:30 / 25.09.2024
Тошкентда Malibu-2 ва Lacetti тўқнашиши оқибатида уч киши жароҳат олди
13:38 / 07.06.2024
Шавкат Мирзиёев Яккасарой ва Яшнобод туманларига ташриф буюради
09:20 / 25.05.2024
Тошкентда тадбиркорнинг мулкини ўзлаштирган мутахассисга жиноят иши очилди
10:11 / 14.05.2024