Бугун Европада чемпионатларнинг навбатдаги турларига старт берилади. Англияда бир турда бирданига иккита катта учрашув бор. «Трибуна» уикенднинг ўтказиб юбормаслик тавсия этиладиган учрашувларини кўриб чиқади.

ВЕСТ ҲЭМ – ЛИВЕРПУЛЬ (4 ноябрь, 22:30)

Ёзда энг кўп трансфер амалга оширган «Вест Ҳэм» ҳалигача кутилган ўйинни намойиш эта олганича йўқ. Шу пайтгача уч марта истеъфо остонасига келган Славен Биличнинг бугунги ҳолати ҳам яхши эмас. Одатда, мана шундай паллаларда «Вест Ҳэм» бирор катта ғалаба эришган ва яна Биличга ишонишда давом этаверишган. Лига кубогида «Тоттенҳэм»га қарши ажойиб ғалаба етарли эмаслиги аниқ, энди АПЛда ҳам ғалаба қозонишни бошлаш керак, зеро лондонликлар атиги 9 очко билан 16-ўринда боришмоқда.

«Ливерпуль» «Тоттенҳэм» билан ўйиндаги «даҳшат»дан сўнг, ўзига келиб олди, Премьер Лигада ва Чемпионлар Лигасида йирик ғалабаларга эришди. Навбатдаги Лондон сафари Клопп учун яна бир синов бўлиши шубҳасиз. Ўтган мавсумда ливерпулликлар «Вест Ҳэм»ни сафарда йирик ҳисобда енгган бўлишса-да, ундан олдинги уч мавсумда мезбонларнинг қўли баланд келганини унутмаслик лозим.

«Ливерпуль» ўйин олдидан бироз муаммоларга дуч келди – Мане ва Коутиньонинг жароҳатлари ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас, бунинг устига, айнан мана шундай жисмоний куч ва майдон марказидаги устунлик талаб қилинадиган ўйин олдидан Жоржио Вейналдумнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолди.

Хуллас, АПЛнинг марказий ўйинлари якшанбага белгиланган бўлса-да, шанба кунида ҳам зерикмасликнинг иложини топса бўлади. 

 

БОРУССИЯ – БАВАРИЯ (4 ноябрь, 22:30)

Дортмундликлар октябрь ойини жуда ёмон ўтказишди. Бундеслигада якка пешқадам бўлиб турган ҳолатда, қаторасига уч ўйинда ғалаба қозона олишмади ва «Бавария»ни олдинга ўтказиб юборишди. Чемпионлар Лигасида Кипр жамоаси билан икки дуранг жамоани амалда плей-офф йўлланмасидан маҳрум қилди. Ана энди, вазиятни ўнглаш учун яхши имконият бор.

Сабаби, «Бавария»нинг натижалари барқарорлашган бўлса-да, таркибда муаммолар етарли. Ҳужум чизиғида биратўла уч асосий футболчи – Левандовски, Рибери ва Мюллер жароҳат олишган. Шу туфайлими, Ҳайнкес шогирдлари ҳатто «Селтик» билан ўйинда ҳам муаммоларга дуч келишди.