Мутахассислар замонавий гаджетлардан энг ноодатийларининг рўйхатини тузишди. Бу гаджетлар сентябрда ўтган International Consumer Electronics Show кўргазмасида намойиш қилинган.
Бу борада 1-ўринни бир вақтнинг ўзида 4 та сим-карта қўйиш мумкин бўлган SIM Changer Delta қурилмаси эгаллади. Бунда сим-карталарни смартфон билан синхронлаштириш Bluetooth орқали амалга оширилади. Қурилмага 4 сим-карта ўрнатиш мумкин. Таъкидланишича, қурилма нафақат мобил алоқа операторларини тез-тез алмаштириб турувчилар, балки тежамкорликни яхши кўрувчилар учун ҳам фойдали бўлади. Мисол учун, қурилма телефонни стандарт мобил алоқа учун бир операторга, интернетда ишлаш учун бошқа операторга улаш имконини беради. Қурилма анча ихчам бўлиб, уни сумкада олиб юриш мумкин. Қурилманинг батареяси унга 30 кун тўхтовсиз ишлаш имконини беради. Қурилма iOS ва Android’да ишловчи смартфонлар билан бирга ишлатилади.

2-ўринни In Motion қутқарув рюкзаги эгаллади. У босиб ўтилган йўл, одам гавдасининг фазодаги ҳолати ҳамда одамнинг ўзи қай ҳолатда эканлигини кузата олади. Таъкидланишича, рюкзакда унинг эгасини йиқилиш ва зарбалардан ҳимоя қила оладиган бир нечта махсус хавфсизлик ёстиқчалари бор. Рюкзакнинг олдида ўрнатилган чип инсон танаси ҳолати ўзгаришини қайд қила олади. Рюкзакда ўрнатилган гироскоп инсон танасининг ҳар қандай кескин ўзгаришини қайд қилганда, чип ҳаво чиқаришга буйруқ бериб, хавфсизлик ёстиқчаларини шиширади ва ўз эгасини ҳимоялайди. Бу рюкзак экстремаллар учун жуда асқатади.

Мутахассисларга Subpac M2 акустик тизими ҳам ноодатий кўринди. Бу гаджет танага нимча каби кийилади. Гаджет эгаси унинг ёрдамида виртуал реалликка “шўнғиши” мумкин. Қурилма виртуал реалликни ҳис қилган ҳолда фильмлар кўриш ва мусиқаларни тинглашга мўлжалланган. Мутахассисларнинг айтишича, реал ҳаётда одам портлаш вақтида танасида зарбани ҳис қилади. Бу эффектни сабвуферлар иши орқали алмаштириш мумкин. Қурилма қўлланган ҳолда гўёки ўта шовқин концертда карнай олдида тургандек ҳис пайдо бўлади. Шу билан бирга қурилма атрофдагилар учун шовқин ҳосил қилмайди ва эшитиш қобилиятига зарар етказмайди. Геймерлар экранда юз бераётган барча ҳодисаларни ўзларида ҳис қилишлари мумкин бўлади. Қурилма синов вақтида тўлдирилган реаллик кўзойнаклари билан бирга қўлланган. Синовдан ўтганларнинг айтишларича, ўша вақтда экрандаги ҳодисаларни ҳис қилиш максимал даражада бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, қурилма охирги синовлардан ўтказилгач, кейинги йилда сотувга чиқарилади.

.jpg&w=1200&q=75)













