Кўпчилик охирги икки йилда Ғазодаги урушдан хабар топди, лекин Фаластин халқи Исроил босқини остида 80 йилдан буён эзилиб келади. Исроил 1948 йилдан буён Фаластин арабларини қийнаб, уларнинг ерларини тортиб олишда давом этмоқда. Ўтган йиллар мобайнида БМТ Исроилни тийиш бўйича резолюциялар қабул қилди, бироқ орқасида АҚШ турган яҳудийлар давлатига ким нима қила оларди?

Ўтган йиллар мобайнида бутун дунёдаги фаоллар Исроилнинг Фаластин ерларини эгаллашига қарши курашиб келди. Бу йўлда уларнинг бир қисми Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилди, айримлари қамалди. Бугун ҳикоя қилаётган қаҳрамонимиз америкалик Рэйчел Корри ҳам 23 ёшида Исроил булдозери остида қолиб ҳалок бўлганди.

Тинчлик учун курашган қиз

Рэйчел Корри 1979 йилда Вашингтон штатида оддий оилада дунёга келади. Мактабни битиргач, коллежда гуманитар йўналишда ўқийди. Бўш вақтларида штат табиатни ҳимоя қилиш корпусида кўнгилли сифатида ишлайди. Кейин Рэйчел дунёда тинчлик барқарор бўлишини хоҳловчи фаоллар сафига кириб, халқаро бирдамлик ҳаракати ташкилотига ҳам аъзо бўлади.

Бу ташкилот 2001 йилда фаластинлик Ғассон Анзуни, Жорж Ришмави, исроиллик Нета Голан ва келиб чиқиши фаластинлик бўлган АҚШ фуқароси Ҳувайдо Арраф томонидан ташкил этилган бўлиб, мақсади жафокаш Фаластин халқига ёрдам кўрсатиш эди.

Рэйчел ҳаракат фаоллари билан Фаластинга бориб, Ғазо ва Ғарбий соҳилда фаластинликлар билан бирга яшайди, Исроилга қарши намойишларда қатнашади, фаластинликлар бошпанаси бузилишига қарши чиқади. Ана шундай сафарларнинг бири фожиали якун топади. Исроил ҳарбийлари Ғазода фаластинликларга тегишли уйни бузаётганда Рэйчел Коррини ваҳшийларча ўлдиришади.

Ўлим билан юзма юз

2003 йил март ойида Рэйчел Рафаҳга боради. У пайт Исроил шиддат билан фаластинликларнинг уйларини бузаётганди. Рэйчел ва шериклари Рафаҳдаги вазиятни халқаро ҳамжамиятга етказиб, Исроил зўравонлигига қарши туришни мақсад қилади. Рэйчел Рафаҳда фаластинликлар билан яшаб, барчасини ўз кўзи билан кўради.

16 март куни Исроил булдозери рафаҳлик оиланинг уйини бузишга чоғланганда Рэйчел қўрқмасдан баҳайбат техниканинг олдига чиқади. Шунда исроиллик ҳарбий булдозерни қиз томон ўнглайди. Рэйчел қочмайди ва қаршилик кўрсатишда давом этади. Исроил ҳарбийлари булдозерни очиқчасига қизнинг устига ҳайдаб, уни босиб ўлдиради.

Бу иш бошқа фаоллар, исроиллик ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли кўз ўнгида содир бўлади. Ҳодиса халқаро майдонда катта шов-шув бўлади. Кўплаб таниқли шахслар, халқаро ташкилотлар Исроилни танқид қилиб чиқади. Бироқ Исроил томони пинагини ҳам бузмайди.