Жамият | 14:00 / 09.11.2017
35888
3 дақиқада ўқилади

Раис ҳушёр бўлиши керак

Фото: KUN.UZ

Ўзини ўзи бошқарувчи орган, дея номланаётган маҳалла фуқаролар йиғинининг масъулияти, давлат олдидаги вазифаси ва фуқароларга кўрсатувчи амалий кўмаги жиҳатидан давлатнинг бошқа органларидан сира ҳам кам эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистонда маҳалла деган тушунча ҳам борки, у ҳар томонлама ватан сўзига вобаста бўлиб, жамиятда алоҳида ўрин ва мавқега эга.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси эса ана шу даргоҳнинг боши, унда кечаётган барча янгиликлардан бохабар, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда биринчи галдаги жавобгар шахс саналиб, бу масъулиятли лавозимга кўпни кўрган, бошқалар манфаати ҳақида ғамхўрлик қила оладиган, фидойи ҳамда ҳалол инсонлар муносиб кўрилади.

Афсуски, ўз ишига лоқайд, зиммасидаги масъулиятга эътиборсиз МФЙ раислари ҳам аҳён-аҳёнда учраб турадики, уларнинг қилган иши ҳеч бир ақидага тўғри келмайди. Акс ҳолда давлат томонидан кам таъминланган, ночор яшаётган оилаларга ажратилган ёрдам пулларини ўз эгаларига беришда ўзбошимчалик қилиб, бундай хайрли ва масъулиятли ишга жиддий қарамаслик каби нуқсонларга йўл қўйишмаган бўларди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси С.Мирзаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва унинг котиби Л.Муродовнинг қилмишлари атрофлича кўриб чиқилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Икки мансабдор шахс ўзаро келишиб, 2015 йилнинг сентябрь ойидан ўтган йилнинг августигача бўлган муддат давомида ижтимоий нафақа пуллари асоссиз равишда тўланишига йўл қўйиб, давлат бюджетига зарар етказишган экан.

Мазкур МФЙда 2016 йилнинг август-сентябрь ойларида назорат-тафтиш идоралари томонидан ўтказилган махсус текширув жараёнида раис С.Мирзаев ва унинг котиби Л.Муродов томонидан 11 та ҳолатда 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга 7 млн. 611 минг сўм, 3 та ҳолатда 2 ёшгача бола тарбияси билан банд бўлгани сабабли ишламаётган оналарга 9 млн. 210 минг сўм, жами 16 млн. 821 минг сўм миқдоридаги нафақа пули нотўғри равишда тайинланиб, шундан 13 млн. 982 минг сўми тўлаб юборилгани маълум бўлди. Текшириш давомида келгусида шундай асоссиз ва ноқонуний равишда тўлашга тайёрлаб қўйилган яна 2 млн. 839 минг сўм маблағ тўловдан тўхтатиб қўйилди. Ўз ишига лоқайдлик билан ёндашган МФЙ раиси С.Мирзаев ва унинг котиби Л.Муродов тегишли равишда жазога тортилди.

Албатта, ушбу ҳолат кишини жиддий мулоҳаза қилишга чорлайди. Ҳар бир МФЙ раиси ўзининг халқ ичида “маҳалла оқсоқоли”, “маҳалла отаси” каби шарафли ва муқаддас номлар билан аталиши ҳамда юқоридаги каби қонун бузарликлар унинг номига мутлақо мос келмаслигини чуқур ҳис этиши шарт.

Мавзуга оид