14 ноябрь куни оқшомида Зимбабве ҳарбийлари мамлакат пойтахти Харарега танклар билан киришди ва қарийб 40 йилдан буён ҳукмронлик қилиб келаётган, 100 ёшида ҳам давлат раҳбари бўлиб қолишни режалаштирган Роберт Мугабе ҳамда унинг оиласини ҳибсга олишди. Тез орада мамлакат Молия вазири Игнациус Чомбо ҳам исёнчилар қўлига тушди. Давлат телерадиоканали қўлга олингач, ҳарбий давлат тўнтаришига бошчилик қилган ҳарбийлар чиқиш қилди.
Жонли эфирда ҳарбий формадаги икки зобит бу ҳаракатни «давлат тўнтариши» эмаслигини, президент ва унинг рафиқаси ҳаёти хавф остида эмаслигини иддао қилишди. Улар аҳолини тинчланишга чақириб, зўравонликлар рўй бермаслигига ишонтиришди.

«Бу ҳукуматга қарши ҳарбий давлат тўнтариши эмас. Биз халқни ишонтириб айтамизки, президент ва унинг оиласи хавфсизликда, биз уни кафолатлаймиз. Биз президент атрофидаги жиноятчиларни жавобгарликка чақирамиз, уларнинг ҳаракатлари ижтимоий ва иқтисодий инқирозни келтириб чиқарди», — деди ҳарбийлар.
Ҳукуматдаги «Зимбабве Африка Миллий иттифоқи - Ватанпарварлар фронти» партияси бу «миллатни соғломлаштириш» йўлидаги қадам эканини маълум қилди. «Зимбабве ҳам, партия ҳам Мугабега ёки унинг рафиқасига тегишли эмас. Бугун янги эра бошланди», дейилган партия баёнотида.
Телеканал орқали чиқиш қилганлардан бири армия штаби бошлиғи, генерал-майор С.Б.Мойо ҳарбийлар Мугабега эмас, унинг атрофидаги жиноятчиларга қарши экани ҳақида гапирди.
Харареда вақти вақти билан отишма овозлари эшитилиб турибди, артиллериядан ўт очилмоқда.

Бу вақтда Зимбабвенинг ЖАРдаги элчиси ҳам мамлакатида ҳарбий тўнтариш юз берганини инкор этган.
Зимбабведа сиёсий инқироз шу ой бошида бошланганди. 6 ноябрь куни Мугабе вице-президент, ўз вориси сифатида қаралувчи 75 ёшли Эммерсон Мнангагвуни жодугарлар ёрдамида ҳокимиятни қўлга олишга уринишда айблаб истеъфога чиқариб юборганди.
Мнангагва ва унинг тарафдорлари мамлакатдаги ҳукмрон «Зимбабве Африка миллий иттифоқи – Ватанпарварлик фронти» партиясига қарши яширин гуруҳ яратиш йўли билан президентни ҳокимиятдан четлатишни режалаштиришгани маълум қилинди. Мнангагву мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.























