Ўзбекистон | 11:50 / 15.11.2017
10041
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «ЛУКОЙЛ» ва бошқа ҳамкорлар ўртасида IT таълим бўйича янги келишув имзоланди

14 ноябрь куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида «Халқаро компанияларда миллий кадрларни тайёрлаш ва ривожлантириш» анъанавий анжумани ташкил этилди. 

Тадбир давомида «ЛУКОЙЛ» компанияси, И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиали, «Очиқ Республика» Бошқирдистон Республикаси ахборотлаштириш ва тизим фаолияти масалалари бўйича давлат қўмитаси ҳамда қўшимча касб-ҳунар таълимининг нодавлат автоном ташкилоти Уфа ўқув маркази «БОШНЕФТХИМ» ўртасида  янги келишув имзоланди.

Анжуманда иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар беришича, мазкур келишув асосида IT асосидаги таълим, электрон ва масофавий ўқитиш технологияларини йўлга қўйиш ва янада ривожлантириш кўзда тутилган. 

Анжуманда нефть ва газ соҳасининг етакчи компаниялари раҳбарлари, давлат органлари ва ўқув муассасалари вакиллари, Ўзбекистон, Россия, Козоғистон ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган йирик компанияларнинг кадрлар бўлимлари вакиллари иштирок этди. 

Маълумот ўрнида: Бугунги кунда Ўзбекистондаги «ЛУКОЙЛ» компаниясида 2000дан ортиқ киши фаолият олиб боради. Бундан кейин компания ходимлар сонини 3 мингдан кўпроқ кишига етказиш режалаштирган.

2016 йилда «ЛУКОЙЛ» ОАЖ ва «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси ўртасида нефть ва газ саноати учун кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланган.

Мавзуга оид