Озарбойжон, Россия, Франция ва Япония Expo-2025 жаҳон универсал кўргазмасини ўтказишга даъвогар мамлакатлар сифатида эътироф этилди. Бу ҳақида Халқаро кўргазмалар бюроси хабар берди. 

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Кўргазма ўтказилишига номзод шаҳарлар - Боку, Екатеринбург, Париж ва Осака. 

Ғолиб 2018 йилнинг ноябрида Халқаро кўргазмалар бюроси Бош ассамблеясида аниқланади. Унда 170 мамлакат вакиллари иштирок этади. Унга қадар эса, бир йил давомида махсус комиссия номзод-шаҳарларга бориб, уларни баҳолайди. 

Кўргазма 2025 йилнинг 2 майидан 2 ноябрига қадар ўтказилиши кутилмоқда. Expo кўргазмаси беш йилда бир марта ўтказилади. 2015 йилда у Милан (Италия)да бўлиб ўтганди, 2020-2021 йилларда эса Дубай (БАА)да ўтказилади.

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Таъкидлаш жоизки, Халқаро Expo кўргазмаси - нафақат илмий-техник ютуқларнинг энг йирик халқаро кўргазмаси, балки бутун бир мамлакатнинг тарихи, анъаналари ва маданиятидир. Ушбу кўргазма 1851 йилдан буён турли мамлакатларда ўтказиб келинади ва уларнинг ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлади. 

2025 йилда кўргазмани ўтказишга номзод мамлакатлардан бири бўлган Озарбойжон "Инсон капиталини ривожлантирамиз, энг яхши келажакни қурамиз" мавзусини танлади. 

14 ноябрь куни Париждаги Рояль павильонида Озарбойжон пойтахти Бокунинг халқаро кўргазмани ўтказишга даъвогарлар сафига кириши шарафига қабул ташкил қилинди. Унда Озарбойжон Республикасининг биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева иштирок этди ва сўзга чиқди, шундан сўнг мамлакат ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. У катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Фото: Озарбойжон Республикасининг биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева

Тадбирда, шунингдек, Озарбойжон ва Франциянинг таниқли ижтимоий-сиёсий арбоблари, дипломатик корпус вакиллари ва бошқа нуфузли шахслар қатнашишди.