2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор таклифларни берганди.

«Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади», – деганди президент.

Айни вақтда бу таклифларни амалга ошириш ишлари бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили «Kun.uz» мухбирига хабар берди.

Қачон ташкил этилди?
Самарқанд вилоятидаги «Ҳадис» ва «Калом» илмий мактаблари 2017 йил 8 ноябрь куни, Қашқадарё вилоятидаги «Ақида» илми мактаби 10 ноябрь куни, Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги қошида Ислом ҳуқуқи мактаби 13 ноябрь куни расман иш бошлади.

Кимлар таълим олади?
Илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади.

Мактаблар учун тингловчиларни қабул қилишга вилоят масжидларида фаолият кўрсатаётган, шунингдек ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаган ва ҳозирда диний идора тизимида фаолият олиб бормаётган номзодлар ичидан салоҳиятлилари танлаб олинади.

Ташкил этилаётган мазкур мактаблар Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган Ислом академияси ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олиш истагида бўлганларни тайёрлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Кимлар дарс беради?
Илмий мактабларда фаолият олиб бориш учун жалб қилинадиган (таниқли уламолар, Олий маъҳад, мадраса мударрислари ҳамда имом-хатиблардан иборат) ўқитувчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузиладиган махсус ҳайъат суҳбатидан ўтказилгандан сўнг иш бошлашади.

Қайси услубда таълим берилади?
Мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилади ва уларда юртимизда шаклланган таълим беришнинг устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб борилади.