Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, бир-биридан алоҳида воқеалар эмас.

Дунё сиёсатида жамоатчилик фикри энг муҳим ва марказий мезон бўлмаслиги мумкин, лекин уни аҳамиятсиз деб ҳам бўлмайди. Давлатларнинг глобал репутацияси — жуда қимматли ресурс. Бу ресурсни ифодаловчи махсус атама ва тушунчалар ҳам бор. Масалан, “юмшоқ куч”.

Кейинги бир ҳафта-ўн кун ичида учта муҳим воқеа юз берди. Менимча, улар дунё ҳамжамиятида, жумладан Исроилнинг ўзида ҳам мамлакат ҳукуматининг минтақада олиб бораётган сиёсатига нисбатан танқид жуда юқори нуқтага чиққанини кўрсатади. Бу воқеалар, ўз навбатида, Исроилга нисбатан танқидий резонансни янада кучайтириши мумкин.

Хўш, гап қайси воқеалар ҳақида кетмоқда?

“NAZA” фильми - Исроиллик ҳарбийлар гувоҳлиги

Биринчи воқеа — Венеция кинофестивалида “NAZA” ҳужжатли фильмининг намойиш қилиниши.

Фильм исроиллик режиссёрлар Юваль Абраҳам ва Рэйчел Шор томонидан суратга олинган ва The Guardian иштирокида тайёрланган. Унда Исроил армиясининг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари, жумладан нишонларни аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиши ва бу жараёнда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар масаласи кўтарилади.

Муаллифлар 24 нафар исроиллик ҳарбий ва разведка тизими вакиллари билан суҳбатлашган. Уларнинг аксарияти хавфсизлик сабаб шахсини ошкор қилмаган.

Фильмда келтирилган энг оғир гувоҳликлардан бирида бир нафар ҲАМАС аъзосини йўқ қилиш учун юзлаб тинч аҳоли қурбон бўлиши мумкин бўлган зарбаларга рухсат берилгани ҳақида сўз боради.

Бу гувоҳликлар Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари ва тинч аҳоли ўлими бўйича халқаро майдондаги баҳсларни янада кучайтирди.

“NAZA” Венеция кинофестивалида намойиш қилинганида томошабинлар фильм ижодкорларини қарийб 25 дақиқа тик туриб олқишлади. Фильм фестивалнинг махсус ҳакамлар ҳайъати мукофотига ҳам сазовор бўлди.

Бу ерда менимча энг муҳим нуқта бошқа: Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари аввал ҳам қаттиқ танқид қилинарди. Аммо бу сафар айбловларнинг муҳим қисми Исроилнинг ўзидан — исроиллик журналистлар, режиссёрлар, ҳарбийлар ва разведка тизимида ишлаган одамлар гувоҳликлари орқали янграмоқда.

Бу эса масаланинг сиёсий ва маънавий таъсирини янада оширади.