Жаҳон | 17:00 / 20.11.2017
12068
2 дақиқада ўқилади

Мугабеларнинг мулки мусодара этилиши мумкин

Фото: AP

Зимбабве ҳарбий қўмондонлиги ва “Зимбабве Африка миллий иттифоқи – Ватанпарварлик фронти” ҳукмрон партияси аъзолари Роберт Мугабе оиласига тегишли мол-мулк ҳамда активларни мусодара қилиш имкониятини кўриб чиқишмоқда. Бу ҳақда Британиянинг The Times газетаси хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, Мугабенинг қариндошлари оқ фермерлардан эгаллаб олинган жуда катта ер майдонларига эгалик қилади. Шу билан бирга, президентнинг рафиқаси Грейс бу ерларнинг катта қисмига Зимбабве банкларидан олинган кредитлар ёрдамида йирик маблағларни йўналтирган. Фермалар маҳсулоти эса мамлакат супермаркетларида кенг тақдим этилади, деб таъкидламоқда газета. Бироқ бўлажак маъмуриятда бу ерларни давлатга қайтариш учун асос бор, сабаби улар 2005 йилда давлат мулки сифатида эълон қилинган.

Мугабега тегишли бўлган бошқа активлар орасида болалар уйи ҳамда иккита хусусий мактаб бор, улар “саховатпеша одамлар томонидан молиялаштирилган”. Ҳукмрон партиянинг юқори мансабли кўплаб аъзолари эса у ерга ўз фарзандларини юборишган ва шу тариқа ҳукмрон оилага ўз содиқликларини билдириб қўйишмоқчи бўлишган.

Бундан ташқари, Мугабелар оиласи Ҳараре шимолидаги бир нечта ҳашаматли уйга эгалик қилади. Улардан бирида нақ 25 та ётоқхона бор. У ерда вертолёт қўниши учун жой ҳам қурилган бўлиб, махсус боғ ва иккита кўл барпо этилган. Шунингдек, Грейс Мугабе ярим йил муқаддам Йоҳаннесбург яқинидан 3,17 млн. долларга яна бир ҳашаматли уй сотиб олган.
 

Мавзуга оид