Жаҳон | 07:40 / 22.11.2017
10727
2 дақиқада ўқилади

Мугабе истеъфосидан кейин қиролича Елизавета II энг кекса давлат раҳбари бўлиб қолди

Фото: EPA

Зимбабве президенти Роберт Мугабе 21 ноябрда истеъфога кетгандан кейин Буюк Британия қироличаси Елизавета II дунёдаги энг кекса давлат раҳбарига айланди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.

Зимбабвени 37 йил бошқариб келган 93 ёшли Мугабе мамлакатдаги сиёсий инқироз ортида 21 ноябрда президентлик лавозимидан кетишини эълон қилди. Шу тариқа, дунёдаги энг кекса давлат раҳбари номи 91 ёшли қироличага ўтди. 

Эндиликда энг кекса давлат раҳбарлари рейтингида 2-ўринни Туниснинг 90 ёшли президенти Бажи Каид ас-Сабсий, 3-ўринни Кувайтнинг 88 ёшли амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жаббор ас-Сабоҳ эгалламоқда. Улар ортидан Куба раҳбари Рауль Кастро (86 ёш), Камерун президенти Поль Бийя (84 ёш), Ливан президенти Мишель Аун (84 ёш), Япония императори Акихито (83 ёш) ва Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд (81 ёш) келмоқдалар.

2015 йил сентябрда Елизавета II Буюк Британия тахтини энг узоқ эгаллаш бўйича қиролича Виктория рекордини янгилаганди. 2016 йил октябрида Таиланд қироли Пумипон Адульядета вафотидан кейин дунёдаги ўз давлатини энг узоқ бошқараётган раҳбарга айланганди. 

Елизавета II Буюк Британияни 1952 йилдан бери бошқариб келади.

Мавзуга оид