Жамият | 11:06 / 24.11.2017
32460
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда мудҳиш қотиллик: ота ўз ўғлини ўлдирди 

Уйда зериккан Ҳусниддин энди кўчага чиққан ҳам эди, аллақаердан бақир-чақир овозлар эшитилгандек бўлди. У қулоққа чалингандир, деган хаёлда аҳамият бермади. Бироқ, шу заҳоти қўшнининг эшиги тарақлаб очилди. Ҳусниддин бир чўчиб тушди ва ўша тарафга қаради, ўзи томон қўллари қонга беланганча югуриб келаётган қўшни келинни кўрди-ю, донг қотди. Оғзини очишга ҳам улгурмай, аёл йиғлаганча келиб, тез уйига боришни сўради-да, орқасига қайтди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Нима бўлаётганига тушунмаган Ҳусниддин ҳайрон бўлганча унинг ортидан энди бир-икки қадам қўйган ҳам эди, келин ортига ўгирилди.

-  Илтимос..! Тезроқ юрақолинг... Қайнотам эримни пичоқлаб қўйди.., - у бу сўзларни деярли чопатуриб, йиғи аралаш, энтикиб зўрға айтди.

Ҳусниддин шундагина нохуш воқеа юз берганини тушунди ва қўшни келиннинг ортидан югурди. У ҳовлига кирганида Бозорбой чап хонанинг остонасида қонига беланиб ётарди. Нимагадир унинг онаси ҳам “вой-вой”лаб ўтирарди. Ҳусниддин қўшнисини кўтармоқчи бўлди, кучи етмади. Ёрдамга чақирмоқчи бўлиб, кўчага чопди. Аксига олиб ҳеч ким кўринмади. Шундан кейин укасига қўнғироқ қилиб, тез етиб келишни тайинлади.

Укаси кўп куттирмади. Икковлашиб Бозорбойни кўтариб, Ҳусниддиннинг машинасига ётқизишди. Онаси унинг ёнига олиб, касалхонага ошиқишди. Афсуски, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетди, Бозорбой олган жароҳатлари туфайли оламдан кўз юмди.

Бу пайтда Бозорбойнинг уйига ички ишлар ходимлари келиб, отаси Расул Соиповни олиб кетишган эди.

Маълум бўлишича, ўша куни Расул Соипов уйига маст бўлиб келади. Бу эса хотинига табиийки ёқмайди. Эр-хотин жанжаллашиб қолишади. Хотини бир гапдан қолмаётгани эрга ёқмайди. Устига-устак ароқ ўз кучини кўрсатади. Эр чакаги тинмаётган хотинни тинчитиш учун ўйлаб ҳам кўрмай, ошхонадан пичоқ кўтариб чиқади ва хотинига ташланади. Аёлнинг омади бор экан, ўғли Бозорбой ўртага тушиб, пичоқ унга енгил жароҳат етказади.

Ҳам спиртли ичимлик таъсиридан, ҳам жаҳлдан айни пайтда кўзи кўр бўлиб, ақли заифлашган Р.Соипов энди ўғлига юзланади. Пичоқ зарб билан унинг қорин қисмига санчилади. Бозорбой мадорсизланиб, чўккалаб қолади. Қилғиликни қилган ота ҳеч нарса бўлмагандек қўлида пичоқ билан ҳаммомга кириб кетади. Бозорбойнинг хотини эса ёрдам сўраб, кўчага отилади...

Бўлиб ўтган ҳодиса шулардан иборат. Ҳаммаси арзимаган гап-сўзлардан бошланган. Агар аҳамият берилса, ана шу гап-сўзларнинг аввал жанжалга айланиши, сўнгра қотилликкача етиб боришининг асосий сабаби спиртли ичимликдир. Аммо ҳамма айбни ичкиликка ағдариш ҳам тўғри бўлмас. Ёши олтмишга етиб, оқ-қорани таниган, фарзандларини уй-жойли қилиб, набиралар ардоғида юриш ўрнига суднинг қора курсисига ўтиришга уни нима мажбур қилди? Ахир ҳеч ким унинг бўғзидан ароқ қуймагандир?! Нима бўлганида ҳам энди кеч, “ғишт қолипдан кўчиб бўлди”.

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди қасддан ўз фарзандининг қотилига айланган Р.Соиповга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. 

Мавзуга оид