Каталониянинг «Барселона» клуби ҳужумчиси Лионель Месси клуб билан тузган амалдаги шартномасини 2021 йилга қадар узайтирди. Натижада у яна дунёнинг энг кўп маош олувчи футболчилар рейтингида етакчи бўлиб олди.

Tribuna.Uz ақлбовар қилмас миқдорда маош оладиган футболчилар рўйхатини тузиб чиқди. Қуйида энг бой 10 нафар футболчи билан танишиб олиш мумкин. Аҳамиятли томони, рейтингнинг ярми Хитой чемпионатида тўп сурадиган футболчилардан иборат.

10. Грациано Пелле

Клуби: «Шандун Лунэнг», Хитой
Йиллик маоши: 15 миллион евро
Амалдаги шартномаси: 30 декабр, 2018 йилгача
Роналд Куман Нидерландия чемпионатидан «Саутҳемптон»га олиб келган италиялик савия борасидаги камтар ҳужумчи қисқа вақтда Англияда ҳам ўзини кўрсата олди. Лекин Пелленинг порлаб чиқиш 30 ёшдан кейин содир бўлди. Футбол оммасига кеч танилган футболчига кутилмаганда Хитойдан «ёғли» таклиф тушди. Нидерландияда оладиган маошидан қарийб 20 баравар юқори маош учун у шундоқ ҳам сўроқ остида бўлган келажагини алмаштириб юборди. Бугунги кунда Пелле Италия терма жамоасидан умуман таклиф олаётгани йўқ, аммо Хитойда ярим куч билан ўйнаб ҳам ойига миллион евродан ортиқроқ ишлаб топмоқда.

9. Поль Погба

Клуби: «Манчестер Юнайтед», Англия
Йиллик маоши: 17 миллион евро
Амалдаги шартномаси: 30 июнь, 2021 йилгача
Ўз вақтида сэр Алекс Фергюсоннинг хатоси туфайли сотиб юборилган Поль Погбани ортга қайтариш «МЮ» учун жуда қимматга тушди. Жамоа  трансфер рекордини янгилади. Қўшимчасига Погбани Англияда энг кўп маош оладиган футболчига айлантирди. Агар хитойликларни ҳисобга олмаганда бугунги кунда Поль дунёнинг энг кўп маош оладиган 5 футболчидан бири бўлиб турибди.