«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Кореянинг Инҳа коллежи билан ҳамкорликда авиамутахассисларни тайёрлайди
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Ўзбекистон авиация тармоғи учун кадрларни тайёрлашнинг вертикал тизимини яратиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Бу борада авиация коллежи – Турин политехника университетининг “Авиакосмик инжиниринг” кафедраси – Учувчиларни тайёрлаш мактаби ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Бу ҳақда МАК сайтида маълум қилинмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК делегацияси Инҳа Техник коллежи президенти Чин Ин Жун билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Тошкент политехника коллежи негизида фуқаро авиацияси соҳасидаги таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Учрашув натижасида самолётларга техник хизмат кўрсатиш ва ҳаво кемаси саҳнида сервис бўйича мутахассисларни тайёрлаш учун Инҳа Техник коллежи ўқув дастурини Тошкент политехника коллежида қўллаш бўйича ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Бундан илгарироқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК билан Тошкентдаги Турин политехника университети ўртасида авиация соҳасида кўп томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳужжатда университетнинг ”Авиакосмик инжиниринг” бўйича янги ўқув йўналишини очиш, унда талабаларни ва магистрантларни академик тайёрлаш кўзда тутилган. Авиакомпания ёш мутахассисларнинг Ўзбекистон фуқаро авиацияси тизимига муваффақиятли интеграциясини таъминлаш учун уларга ўқув жараёнида ўз бўлинмаларида амалий машғулотлар ўтказиш имкониятини бериш орқали профессионал малакаларни эгаллашларида максимал ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўқув-машқ маркази негизида учувчилар мактабини ташкил қилиш бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. Бугунги кунда авиакомпаниянинг Ўқув машқ маркази Ўзбекистон парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш бўйича давлат инспекциясининг учувчиларни тайёрлаш юзасидан сертификатини олди.
Учувчилар тайёрлаш учун дастлабки номзодларни қабул қилишни 2018 йилнинг баҳорида бошлаш режалаштирилмоқда. Шу билан авиация учун кадрлар тайёрлашнинг вертикал тизимини амалга ошириш учун олдинга яна бир қадам қўйилди.
Мавзуга оид
14:31 / 16.04.2020
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолётлари юк ташувчи сифатида қайта жиҳозланмоқда
14:52 / 26.11.2019
Ҳаво кодексига ўзгартириш киритилса, авиачипталар нархи камида 20 фоизга арзонлашиши мумкин
17:29 / 11.11.2019
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКдаги таркибий ўзгаришлар якунланди
19:55 / 07.11.2019