28 ноябрь оқшомида Испания Кубогининг 1/16 финалида жавоб учрашувлари ўтказилди. 5та ўйиндан кейин кейинги босқичга чиққан 5 жамоа номи маълум бўлди.

Мадриднинг «Реал» клуби «Фуэнлабрада» билан ўйнади. «Сантьяго Бернабеу» стадионида кечган учрашувда дуранг ҳисоб қайд этилди - 2:2.

«Қаймоқранглилар» сафида Борха Майораль дубль қайд этди, меҳмонлар сафида Луис Милья ва Альваро Портилья гол уришди. 

«Реал» ярим ҳимоячиси Гарет Бэйл икки ойдан буён илк марта майдонга тушди. 62-дақиқада майдонда пайдо бўлган уэльслик футболчи тўпга биринчи тегинишидаёқ голли пас муаллифига айланди.

Мадрид клуби биринчи ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди ва жамоа энди 1/8 финалга йўл олди.

Шунингдек, «Сельта» ва «Леванте» ҳам кейинги босқичга чиди. Виголиклар жамоасид«Эйбар»ни ўз уйида таслим этди — 1:0. Хуана Карлос Унсуэ шогирдлари биринчи ўйинда ҳам ғалаба қозонганди — 2:1. «Леванте» «Жирона» билан дуранг ўйнади, аммо сафарда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонгани учун кейинги босқичга чиқадиган бўлди.

«Малага» «Нумансия» билан дуранг ўйнади, Малагадаги «Ла-Росаледа» стадионида кечган учрашувда томонлар биттадан гол уришди - 1:1.

18-дақиқада Адриан Гонсалес мезбонларни олдинга бошлаганди, аммо иккинчи бўлим бошида Унаи Эльхесабаль ҳисобни тенглаштирди.

Биринчи учрашувда «Нумансия» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди ва шу туфайли жамоа кейинги босқичга ўтди, «Малага» турнирни тарк этадиган бўлди.

1/16 финалнинг яна бир учрашувида «Леганес» «Вальядолид»ни мағлубиятга учратди - 1:0. Биринчи учрашувда ҳам 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган «Леганес» кейинги босқичда ўйнайдиган бўлди.

Бугун турнирнинг ушбу босқичида яна 11та ўйин ўтказилади, «Барселона» «Мурсия» билан, «Севилья» «Картахена» билан ўйнайди.

Испания Кубоги
4-раунд
Жавоб учрашувлари

Реал Мадрид – Фуэнлабрада 2:2 (0:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 25 Миллар, 1:1 – 62 Майораль, 2:1 – 70 Майораль, 2:2 – 89 Портилья.