Жаҳон | 05:39 / 29.11.2017
14921
2 дақиқада ўқилади

Шаҳзода Ҳарри ва Меган Маркл никоҳи қаерда бўлиб ўтиши маълум қилинди

Фото: EPA-EFE/FACUNDO ARRIZABALAGA

Британия тожини мерос қилишга навбатда 5-ўринда турган шаҳзода Ҳарри ва унинг қайлиғи – америкалик актриса ва фотомодел Меган Марклнинг никоҳ тўйи Виндзор қасридаги Авлиё Георгий ибодатхонасида ўтадиган бўлди. Бу ҳақда Кенсингтон саройининг расмий вакили, Ҳаррининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича котиби Жейсон Ноф маълум қилди.  

Нофнинг айтишича, Виндзор янги жуфтлик ва умуман қироллик оиласи учун “жуда муҳим жой” ҳисобланади. Шаҳзода ва унинг севгилиси 16 ойдан бери давом этаётган муҳаббатлари давомида Виндзор қасрида вақт ўтказишган ва уларнинг тўйи бу гўзал жойда ўтишидан хурсандлар.

Тўй, жумладан никоҳдан ўтиш, мусиқий безак, қабулларни ташкиллаштириш қироллик оиласи маблағлари ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, тўйдан кейин “ҳазрати олиялари” деб чақира бошланадиган, АҚШ фуқаролигига эга бўлган актриса Британия фуқаролигини олмоқчи.

33 ёшли шаҳзода ва 36 ёшли актрисанинг унаштирилганлари 27 ноябрда маълум қилинди. Шу куннинг ўзида жуфтлик фотосессияда иштирок этган ва телевизион интервью берган.  

Тўй ўтадиган ибодатхона Британия қироллик оиласининг “уй черкови” ҳисобланади. Аввалроқ британ оммавий ахборот воситалари маълум қилгандек, бу ибодатхона қиролича Елизавета II’нинг вафотидан кейин унинг дафн маросими ўтадиган жой бўлади.

Мавзуга оид