The Daily Telegraph ва The Sun нашрларининг 19 август куни тарқатган маълумотларига кўра, шаҳзода Ҳарри ва Меган Маркл Калифорнияга кўчиб кетганидан олти йил ўтиб Буюк Британияга қайтишга тайёргарлик кўрмоқда.
Бу ҳақда BBC ва Press Association ҳам хабар берган. Бироқ ҳозирча Ҳарри ва Меган, шунингдек, Британия қироллик оиласи режаларни расман тасдиқлагани йўқ. Шу сабабли уларнинг АҚШдан бутунлай кўчиб келиши ёки Буюк Британияда фақат бир неча ой ёхуд йил яшаши ҳозирча номаълум.
ОАВ маълумотларига қараганда, қироллик оиласи ҳам Ҳаррининг қайтиш режаси ҳақида яқиндагина хабардор қилинган. Қирол Карл III бу ҳақда 16 август куни билган. Манбаларнинг таъкидлашича, монарх кичик ўғлининг оиласи қайтишидан ва набиралари — 7 ёшли Арчи ҳамда 5 ёшли Лилибет билан тез-тез кўришиш имконияти пайдо бўлишидан мамнун.
Шаҳзода Ҳарри ва америкалик актриса Меган Маркл 2018 йил баҳорида турмуш қурган. 2020 йил бошида эса улар қироллик оиласининг юқори мартабали аъзолари сифатидаги вазифаларидан воз кечиб, кейинчалик АҚШга кўчиб кетган эди. Бу жараён Британия матбуотида «Мегзит» номи билан машҳур бўлган.
Калифорнияга кўчиб ўтганидан кейин Ҳарри ва Меган қироллик оиласи ҳақида бир қатор кескин баёнотлар берган. Хусусан, Меган Ҳаррининг қариндошларини ирқчиликда айблаган. ОАВда 2022 йилда вафот этган қиролича Елизавета II ҳам набираси ва унинг рафиқасининг қироллик вазифаларидан воз кечишини оғир қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Сўнгги вақтларда эса Ҳарри ва қироллик оиласи ўртасидаги муносабатлар юмшай бошлагани айтилмоқда. 2025 йилда шаҳзода оиласи билан ярашиш истагини билдирган. Ўша йил сентябрда Буюк Британияга ташрифи чоғида у Лондонда отаси Карл III билан учрашган.
2026 йил июлида эса қирол Карл III кўп йиллик танаффусдан сўнг кичик ўғлининг оиласи билан Англиянинг Глостершир графлигидаги Хайгроув қароргоҳида учрашган. Арчи ва Лилибет бобоси билан бунга қадар охирги марта 2022 йилда кўришган эди. Матбуот маълумотларига кўра, Хайгроувдаги учрашувда қиролича Камилла ҳам иштирок этган.
Шу тариқа, агар Британия ОАВда тарқалган маълумотлар тасдиқланса, Ҳарри ва Меганнинг қайтиши 2020 йилги «Мегзит»дан кейин қироллик оиласи билан муносабатлардаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлиши мумкин. Ҳозирча Букинҳем саройи ҳам, Ҳарри ва Меган вакиллари ҳам бу хабарларга расмий муносабат билдирмаган.









