Американинг Forbes журнали 1988 йил 12 декабрда қуёш энергетикаси ва янги технологиялар истиқболлари ҳақида мақола чоп этган эди. Унда бугунги кунда кенг қўллаш бошланган қуёш энергиясидан фойдаланиш ҳақида фикрлар билдирилган. Қуйида ўша мақола билан танишиш имконига эгасиз.
Қуёш энергиясидан кенг миқёсда фойдаланиш — амалга ошиши учун кўп бор орзу деб ўйлайсизми? Аммо Золтан Кисс сўзларига ишонадиган бўлсак, ундай эмас. Chronar компанияси асосчисининг айтишича, қуёш энергия тез орада бошқа электр энергияси ишлаб чиқарувчи манбалар билан рақобатлаша бошлайди.
Золтан Кисс 10 йил давомида меҳнат қилган ишини охирига етказиш арафасида. У Нью-Жерси штатидаги Chronar Corp. фирмаси президентидир. Кисс Chronar компаниясида кремнийли фотоэлементларнинг АҚШдаги энг йирик ва муваффақиятли ишлаб чиқаришини йўлга қўйди. 30 см.га 90 см бўлган панеллар ёруғликни электр энергиясига айлантиради. Chronar шу орқали харажатларини тез орада қоплайдиган кўринади.
Почта орқали буюртмалар берувчилар, аллақачон, Chronar компаниясининг ҳеч бўлмаганда битта маҳсулотини яхши билади. Булар қуёш батареялари негизида ишлайдиган боғ чироқларидир. Аммо Chronar бундан ҳам муҳимроқ ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. У жаҳон электр энергияси бозорида ўз ўрнига эга бўлишни хоҳламоқда.

«Аморфли кремний технологиясини ишлаб чиқиш учун биз ишлаб чиқариш жараёнини аниқлаб олишимиз керак эди. Шундан сўнг, мавжуд бўлмаган ускунани ишлаб чиқишимиз, ундан кейин маблағ топиб, корхонани ишга туширишимиз талаб этиларди. Сиз ишлаб чиқаришни йўлга қўймагунча, маҳсулотни ололмайсиз, ахир. Бизнинг бу даражага чиқишимизга 10 йил вақт талаб этилди», — дейди Кисс.
Фотоэлектрик қурилмалар аллақачон фазода ўз самарадорлигини намойиш этиб улгурган. Аммо харажатлар жуда катта бўлгани сабабли уларни ишлаб чиқариш саноатини йўлга қўйиш секин ривожланмоқда. Ҳаммаси шиша, пўлат, алюминий ёки пластик устида микроскопик тарзда юпқа аморф нокристалл қопламалар ишлаб чиқилганидан сўнг тезлашди. Таннарх камайгани сари қуёш энергияси, атроф-муҳит ва энергия манбалари билан боғлиқ муаммолар эътиборга олинса, энг қулай манба бўлиб қолади.
Фотоэлектр элементлари ишлаб чиқариш соҳасида бошқа фирмалар ҳам бор. Булар Arco Solar, Energy Conversion Devices ва Amoco Solarex бўлими. Бироқ Chronar копанияси рақибларидан анча илгарилаб кетди в фотоэлектр қурилмаларни саноат услубида ривожлантирмоқда. Chronar бевосита ёки хориждаги қўшма корхоналар иштирокида йилига 10 000 киловатт энергия ишлаб чиқара олади. Келаси йилда бу рақамни икки карра кўпайтириш режалаштирилган.


















