Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Ислом динининг 5 арконидан бири бўлган Ҳаж ибодати хусусида янги фатвосини қабул қилди. Унда Ўзбекистондан Ҳаж ибодатини адо этиш учун борувчиларга янги тавсиялар қайд этилган. Фатвода жумладан шундай дейилади:
“Ўтган йиллар давомида ҳаж сафарига бораётган фуқароларимизнинг ҳолатини кузатиш асносида шу нарсага ҳам гувоҳ бўлмоқдамизки, айрим кишилар, ўзлари ҳажга боришга на моддий имконияти ва на рағбати бўлган ҳолда ёки соғлиги яхши эмаслиги ёхуд узоқ сафарга боришга лаёқатли эмаслигига қарамасдан, уларнинг ўғил-қизлари гўёки ўз фарзандлик бурчларини бажариш ёки эл-юрт орасида сохта обрў топиш мақсадида ота-оналарини ҳаж сафарига жўнатаётганлари, охир-оқибат ҳаж амалларидаги машаққатлар улар учун оғир туюлиб, ибодатларни мукаммал адо этишга беэътибор бўлаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ҳолбуки, ҳаж ибодатининг мақбул бўлиши ҳаж қилаётган кишининг одоб-ахлоқининг гўзал бўлишига ҳам боғлиқ бўлиб, бировлар билан жанжаллашиш, бошқаларга малол келтирадиган хатти-ҳаракатлар қилиш ҳам ҳаж амалига путур етказади.
Барчамизга маълумки, юртимиздан минглаб мусулмонлар ҳажга борар экан, ушбу ўринни, ҳақиқатан, ҳаж ибодатини ихлос билан адо этадиган, юқорида зикр этилган ҳажнинг шартларига тўлиқ жавоб берадиган мўмин-мусулмонлар билан қопланса, биринчидан, Аллоҳ таолонинг чақириғига “Лаббайкаллоҳумма лаббайка”, деб талбия айтишга ҳақли бўлган кишиларни ҳажга юбориш шарафига муяссар бўлинади. Қолаверса, барча ҳожиларимиз томонидан ҳаж амалларининг мукаммал адо этилишига, шунингдек, ҳукуматимиз томонидан ҳожилар учун яратилаётган шароитларнинг қадрига етиш ва пировард натижада ҳаж мавсумидаги машаққатларнинг озайишига эришилади.
Ҳожилик улуғ мақом эканидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳажга борган эркагу аёл англамоғи лозимдурким, улар келгусида, аввало, ўз фарзандларига қолаверса, эл-юрт ва маҳалла кўйга ибодатда, ҳалоллик ва покликда, маънавият ва маърифатда энг юксак даражадаги ўрнак ва намуна бўлмоқлари зарур. Зеро, ҳожилик мақомини қўлга киритишдан кўра унинг шаънини сақлашнинг масъулияти оғирроқдир. Чунки, ҳожи деган ном ортида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадек шаҳарлар ва у ердаги муқаддас қадамжоларга эҳтиром, умуман, Ислом динига ҳурмат ётади. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир ҳожи ўзининг гап-сўзи, хатти-ҳаракати, халқ орасидаги муомала-муносабати билан муқаддас Ислом динига нисбатан ҳурмат уйғотиши ёки унинг номига доғ тушириши ҳам мумкин эканини ҳеч қачон ёдидан чиқармаслиги лозим бўлади.
Қайд этилганларни эътиборга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ҳақида қуйидаги Фатвони эълон қилади:
Ҳажга бориш учун талабгорларда ҳажнинг фарз бўлиши учун ҳур, болиғ, оқил, соғлом бўлиш ҳамда аслий ҳожатларидан ва қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиш, шунингдек йўлнинг тинч ва очиқ бўлиши каби зарур шартларнинг мавжудлигига эътибор қаратилсин. Бунда жойлардаги имом-хатиблар маҳалла фаолларига бевосита кўмаклашсинлар.
















