Спорт | 09:23 / 04.12.2017
31876
2 дақиқада ўқилади

2018 йилги жаҳон чемпионатини Россиясиз ўтказиш таклиф қилинди

Фото: «Чемпионат»

ФИФА Россия футболидаги допингни тергов қилишни бошлаши ва Россия терма жамоасини 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этишдан четлатишдан қўрқмаслиги керак. Бундай фикрни Миллий аксилдопинг агентликлари институти раҳбари Жозеф де Пенсье билдирди.

“ФИФА бу вазиятни зудлик билан тергов қилиши керак. Йўқса Россияда 2018 йилги жаҳон чемпионати билан катта муаммо юзага келади. ФИФАда вазиятнинг моҳиятига тезроқ етиб бориш учун стимул бор”, деб айтди де Пенсье ва жаҳон чемпионатини Россия терма жамоасиз ўтказишни таклиф қилди.  

“Исталган халқаро мусобақа бирор-бир давлатсиз давом этиши мумкин. Шундай экан, нима учун мундиални Россиясиз ўтказиб бўлмайди? Тан оламан, амалда буни тасаввур қилиш қийин, бироқ нега уриниб кўрмаслик керак?”, деб айтган де Пенсье.

26 ноябрда Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги информатори Григорий Родченковнинг адвокати Жим Уолден Родченков россиялик футболчиларнинг давлат допинг-дастурига алоқадорликларини исботлашга тайёрлигини маълум қилган. Уолденнинг айтишича, ФИФА вакиллари бу масалада Родченковга исталган вақт мурожаат қилишлари мумкин, бироқ ҳозирча улар бунга ботина олмаяптилар.

Айни вақтда ФИФА россиялик футболчиларга қарши бирор-бир шубҳали нарса топмаган.  

Мавзуга оид