Хурмо — мазали ва фойдали мева. Бироқ унинг салбий хусусиятлари ҳам мавжуд. "Лайфхакер" хурмо мевасининг фойдали хусусиятлари ва шу билан бирга зарари ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Хурмо нимаси билан фойдали?

Қаришни секинлаштиради ва кўриш қобилиятини яхшилайди

Барча апельсинранг меваларда бўлгани каби, хурмода ҳам бета-каротин кўринишидаги А витамини кўп. Организм 100 грамм хурмодан бу муҳим элементнинг 12 фоиз кундалик нормасини олиши мумкин.

А витамини — ҳужайраларни эркин радикаллардан ҳимояловчи, қариш жараёнини секинлаштирувчи ва саратон хавфини камайтирувчи кучли антиоксидант.

Бу витамин ўткир кўриш қобилияти гаровидир. Унинг етишмаслиги инсоннинг кечки пайт ва қоронғуда кўриш қобилиятининг ёмонлашувига олиб келади.

Бундан ташқари, бета-каротин қуёш остида куйиб кетмасликка ёрдам беради: у терини ультрафиолет нурларнинг зарарли таъсири, қуриш ва ёрилишдан ҳимоялайди.

Шуниси муҳимки, хурмода А витамини айнан бета-каротин кўринишида бўлади. Бу кўриш билан боғлиқ муаммолар, терининг кўчиши, суяклардаги оғриқлар ва буйраклар касалликларини келтириб чиқарувчи дозани ошириб юбориш хавфини камайтиради.

Иммунитетни мустаҳкамлайди

Хурмо ўз таркибидаги яна бир антиоксидант билан мақтана олади. Бу - иммунитет ҳимоячиси сифатида машҳур C витамини. 100 грамм мевада шу витамин кундалик нормасининг 10 фоизи мавжуд, у шамоллаш ва тумовнинг олдини олишда ёрдам беради. У профилактик восита сифатида самара беради. Агар йўтал ва бурун битиши бошланиб бўлган бўлса, хурмо буларни бартараф қилишга ожизлик қилади.

Кайфиятни кўтаради

Хурмода моносахаридлар: глюкоза ва фруктоза кўп бўлгани учун ҳам ширин. Бу шакарнинг энг фойдали тури. У юракни мустаҳкамлаб, кайфиятни кўтаради, қоматга эса сахарозачалик кучли таъсир кўрсатмайди. Шундай экан, хурмо - шоколад каби антидепрессант ва тинчлантирувчи ҳамдир, фақат калорияси камроқ: 100 граммида атиги 60-70 ккал бор.

Касалликлар билан курашади

Хурмода калий ва магнийнинг кўплиги — томирлар девори ва юрак мушаклари мустаҳкамлиги гарови.

Шишларни кеткизади

Хурмо пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга, чунки унда сув кўп. У инсон танасидан ортиқча сувларни чиқариб, шишларни кеткизишда ёрдам беради. Бунда организм калийни йўқотмайди: бу макроэлемент хурмо таркибида бор, шундай экан, йўқотишлар тўлдирилади.