1 декабрь куни UNICEF томонидан “Активация” тадбири ташкил этилди. Унда ногирон фарзандни тарбия қилаётган инсонлар, ҳаёти бевосита ногиронлар билан ишлашга боғлиқ бўлган таниқли шахслар ва имконияти чекланган бўлишига қарамай, муваффақиятга эришиб келаётган инсонлар ўз ҳикоялари билан сўзга чиқишди.

 

Шаҳноза Икромова, Имконияти чекланган болалар учун инклюзив ривожланиш марказлари асосчиси

“Туғуруқхоналарда фарзандли бўлган аёлларга шифокорлар айтувчи биринчи сўз жуда муҳим саналади. Мен биринчи фарзандимни дунёга келтирганимда, ўғлим даун синдроми билан туғилганини айтишган. Мен бу касаллик қандай бўлишини, нима қилишимни билмаган эдим. Хайриятки, бахтимга маданиятли шифокорлар учради ва улар менга барчаси яхши бўлишини таъкидлашди. Шундан бошлаб, мен фарзандимга ўзим ғамхўрлик қила бошладим.

Бироқ шундай инсонлар борки, улар туғуруқдан сўнг дарҳол ёш онанинг қайнонаси ёки турмуш ўртоғига бу касаллик билан туғилган болаларни келажагидан умид йўқлигини айтишади. Айтингчи, шифокорлар таҳлил натижаларини ўтказмай туриб, ташхис қўйиши мумкинми? Туғуруқхоналардан тўғри меҳрибонлик уйларига келиб қолувчи болаларнинг тақдирига ким жавобгар? Қалби ўксик бўлиб, оиласидан айрилувчи ёлғиз аёлларнинг ҳаёти қандай кечади? Менинг фикримча, шифокорларнинг ташхис эълон қилиши бўйича этика кодексини ишлаб чиқиш вақти келди”.

Асосий фаолияти бизнес бўлишига қарамай, Шаҳноза Икромова даун синдромига чалинган болаларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватловчи гуруҳ раиси, ижтимоий лойиҳалар, халқаро анжуманларнинг фаол иштирокчисидир.

Нодира Тиллаева, ҳисобчи, “Меҳрибонлик” ногиронлар жамияти қошидаги ёшлар марказининг фаол аъзоси

Ногиронлар бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлмаслиги учун ҳам ишлаши керак. Мен Ногиронлар жамиятида ишлайман. Ойлигим ва нафақам кам бўлгани учун қўшимча иш қидиришга ҳаракат қилдим. Чунки, маошимнинг асосий қисми йўл кира харажатларига кетиб қоларди. Ўйлаб-ўйлаб, ўқув марказларининг бирида ҳисобчиликни ўрганишга қарор қилдим.

Ўқишни тамомлагач, иш қидира бошладим. Бироқ мени ишга олишга икки нарса халақит берарди: биринчиси - I гуруҳ ногирони бўлганим, иккинчиси етарлича тажрибам йўқлиги. Иш излаб, қийналганимни кўриб, дадам мени ўз фирмасига ишга олди. Мана ҳозир бош ҳисобчига айландим. Инсон агарда астойдил ҳаракат қилса, албатта, нияти ижобат бўлар экан. Инсонлрга доим ёрдамим тегса, хурсанд бўламан”.