Бугун Европа Чемпионлар Лигасида А-D гуруҳлари ўз ўйинларини якунлайди. Бугун майдонга тушадиган 4 жамоа кейинги босқич масаласини расман ҳал қилган бўлса, қолган 4 йўлланма тақдири бугун кечаси ҳал бўлади. Келинг, ушбу гуруҳларга назар ташлаб, жамоаларнинг имконияти ҳақида сўз юритамиз.
А гуруҳи
БЕНФИКА – БАЗЕЛЬ
“Базель” ЦСКА билан биргаликда 9 очко тўплашган ва гуруҳдан чиқиш учун кураш олиб бормоқда. Ўзаро ўйинда швейцарияликларнинг устунлиги борлигини инобатга олсак, “Базель”нинг бу турдаги вазифаси руслардан кам очко олмасликдир. Бу нуқтаи назардан, балки дуранг ҳисоби ҳам меҳмонларни қониқтириши мумкин, зеро ЦСКА нинг “Олд Траффорд”да ғалаба қозонишини тахмин қилиш қийин.
Ўз навбатида “Бенфика”нинг ўзига яраша ҳисоб-китоби борлигини унутмаслик керак. Тўғри, португалияликлар барча ўйинларни бой бериб, турнирда ҳеч қандай имкониятга эга эмас, аммо биринчи даврадаги 0:5 ҳисобидаги шармандали мағлубият аламини ўз мухлислари олдида олишга уринишлари шубҳасиз.
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЦСКА
“Юнайтед” шанба куни Лондонда оғир учрашув ўтказди, шу ҳафта охирида эса Манчестер дербисида майдонга тушади. Жамоа ЕЧЛда гуруҳда қолиб кетиши учун 7-8 гол ўтказиши керак бўлишини инобатга олсак, мезбонлар бироз аралаш таркибда майдонга тушишлари кутилмоқда. Матич, Лукаку, Валенсия, Де Хеа, Марсиял каби футболчиларга дам берилиши кутилмоқда. Аммо шу ҳолатда ҳам, келаси ўйинларда дисквалификацияга учраган Погба, сўнгги ўйинларда захирада қолаётган Мата, Мхитарян каби тажрибали футболчилар майдонга тушишлари мумкин.
ЦСКА эса, бу ўйинда ғалаба қозониши шарт. Ёки дуранг ўйнаб, “Базель”нинг Португалиядаги мағлубиятидан умид қилишига тўғри келади. “МЮ” ушбу мавсумда барча мусобақаларда ўз майдонида очко йўқотмаётгани, умуман “Олд Траффорд”даги мағлубиятсиз серия 40 ўйинга яқинлашиб қолганини эътиборга олсак, армиячиларнинг вазифаси жуда мушкул.
В гуруҳи
БАВАРИЯ - ПСЖ
Ҳар икки жамоа ҳам кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиб бўлишган. Аммо немислар гуруҳда 1-ўринга чиқиб олиш учун ҳаракат қилиб кўришса бўлади. Бу ҳам осон эмас. Якунда парижликларни ортда қолдириш учун Хайнкес шогирдлари камида тўрт тўп фарқи билан ғалаба қозонишларига тўғри келади.


















