Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни «Чорвоқ» эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат Тошкент вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш, ҳудудга чет эллик ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш учун қулай шароитларни яратиш, замонавий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган.

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг (кейинги ўринларда – Ўзмиллийбанк):

Тошкент вилоятининг Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси чегараси доирасида “Чорвоқ” эркин туристик зонасини (кейинги ўринларда – эркин туристик зона) ташкил этиш;

эркин туристик зона ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар қуриш, шунингдек, замонавий муҳандислик инфратузилмаси объектларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар эркин туристик зонанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

эркин туристик зонада замонавий туризм инфратузилмаси объектлари (меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектлар)ни, туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларни таъминлаган ҳолда махсус функционал ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг инвестицияларини жалб қилиш;

ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш;

транспорт воситаларининг арзонлигини таъминлаш, ҳудудда транспорт ҳаракатининг янги (поезд, электропоезд, автобус), шу жумладан, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи турларини жорий этиш, йўловчи транспорти йўналишларини кенгайтириш, унинг тўхтовсиз ҳаракатини ташкил этиш, тегишли транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;

туристлар хавфсизлигининг қўшимча шароитларини, шу жумладан, туристик инфратузилма объектларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, огоҳлантириш тизимларини ташкил этиш, минтақа ҳудудига келувчи туристлар ҳақида ягона маълумотлар базасини, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш йўли билан яратиш;

эркин туристик зона ҳудудида лойиҳаларни амалга ошираётган ва фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвесторлар (шу жумладан, хорижий инвесторлар) учун белгиланган алоҳида божхона ва солиқ режимларини таъминлаш;