Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қуввати 20 MW бўлган шамол электр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, станциянинг очилиш маросими 20 август куни бўлиб ўтган. Унда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Ю Жун, шунингдек, вилоят ва туман ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекгидроэнерго, энергетика ва қурилиш корхоналари вакиллари иштирок этган.
Электр станцияси ҳар бири 5 MW қувватга эга тўртта турбинадан иборат, йилига 50 млн kWh’гача электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин. Бу ҳажм 20 мингта хонадонни электр билан таъминлаш имконини беради.
Шамол электр станциясининг ишга туширилиши йилига юз минглаб куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳа Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва углерод изини камайтиришга хизмат қилади.
Шамол электр станциясининг қиймати 28 млн долларни ташкил этган. Лойиҳа Хитой ҳукумати томонидан беғараз ёрдам — грант шаклида молиялаштирилган.









